
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA
Назарий жиҳатдан — ҳа. Аммо бунинг учун сафарбарлик самарали олиб борилиши керак, Россия армиясида эса бу борада улкан муаммолар бор.
Россия армиясининг Харкив областидаги йирик мағлубияти Кремль стратегиясида туб ўзгаришларга олиб келди. РФ қуролли кучларининг Украинадаги гуруҳларига мингдан ортиқ километрга чўзилган фронт чизиғи бўйлаб фаол ҳаракатланиш учун анчадан буён ресурслар етишмовчилиги кузатилаётганди, аммо Москва муаммони энг аниқ йўл — сафарбарлик билан ҳал этишдан бош тортиб келаётганди. Украинларнинг муваффақиятли қарши ҳужумидан кейин РФ қуролли кучлари энди ҳатто пассив ҳимояланишга ҳам қодир эмаслиги кўриниб қолди. 21 сентябр куни, ярим йилга кечиккан ҳолда, Кремль «қисман сафарбарлик» эълон қилди. Путиннинг фармони матнида ноаниқликлар кўп, унинг бандларидан бири очиқланмаган (катта эҳтимол билан унда сафарбар қилинувчилар сони қайд этилган). Бу эса сафарбарлик Кремль учун айни вақтда ноқулай бўлиб турган урушдаги вазиятни қанчалик ўзгартириши бўйича аниқ баҳо беришни қийинлаштиради. Аммо ҳозирдан бу вазифани уддалаш қийин бўлишини айтиш мумкин.
Ҳозирда фронтда нималар бўлмоқда?
Россиянинг Изюм-Купянск йўналишидаги гуруҳи қуршовга тушиб қолмаслик учун тезлик билан чекиниши Харкивдан шарқдаги фронтда 150 километр узунликда бўшлиқ юзага келишига олиб келди. Гуруҳ чекиниш вақтида юзлаб зирҳли техника ва артиллерия қуролларини (маълум қисми яксон этилган ва шикастланган, катта қисми украинларга ўлжа бўлган) қолдириб кетди. Натижада Изюмдан олиб чиқилган қўшин ўзининг жанговар қобилиятини қисман йўқотди. Афтидан, Россия қўмондонлиги бу бўшлиқни ёпиш учун захира кучлар топа олмади.
Якунда қарши ҳужумга ўтган украинларни Оскол ва Шимолий Дон дарёси бўйлаб янги мудофаа чизиғида тутиб туриш режаси ҳам барбод бўлди. Украина қуролли кучлари икки дарёни ҳам бир неча нуқтадан кечиб ўтди ва Луҳанск областига янги ҳужумни ривожлантирмоқда.
Россия қўмондонлиги украин ҳарбийлари Шимолий Донни кечиб ўтишини қийинлаштириш мақсадида Печенежский сув омборидаги тўғонни портлатиб юборишди. Ҳозирча бу Украина қуролли кучлари юришини секинлаштира олиши аниқ эмас.
Россияда нима учун украинлар қарши ҳужумини тўхтатиш учун захира кучлар топилмади?
Сўнгги вақтларда Россия қўмондонлиги томонидан тайёрланган захира кучлари украинларнинг жанубдаги қарши ҳужумларига қарши туриш учун Херсон областига ташланганди. Украинлар август ойи охирида жанубда манёврлар амалга оширган, аммо ҳозирча сезиларли даражада илгарилаш кузатилгани йўқ.
Россиянинг Изюм ҳудудидаги йирик гуруҳи кўп ойлар мобайнида Словянск ва Краматорскни эгаллаш учун шимолдан бесамар ҳужумлар уюштирди, лекин бу ҳужумлар қўшимча кучлар билан қўллаб-қувватланмади ва ғарбий қанот деярли очиқ қолдирилди. Украина қуролли кучлари ушбу қанотга ҳужум қилишга тайёрланаётгани маълум бўлганида эса Россия қўмондонлиги шунчаки ушбу участкани мудофаа қилиш учун тезлик билан жўнатиш мумкин бўлган кучларни топа олмади.
Шундай қилиб, Украина қўмондонлиги захирадаги кучлар сафарбар қилинмаган тинчлик давридаги армияга қарши сафарбар қилинган армия (ўнлаб янги тузилмалар шакллантирилган) билан жанг қилишдаги устунликни намойиш этиб берди. Украинлар сон жиҳатдан қарийб икки баробар устунликка эришганди.
Россия қўмондонлиги шу вақтгача ўзининг артиллерия борасидаги устунлигини ҳисобга олган ҳолда, Украина қуролли кучлари сон борасидаги устунликдан фойдалана олмайди деб ҳисобларди, энди эса биргина артиллерия фронтнинг юзлаб километрларини назорат қила олмаслиги аён бўлди — рақиб ўз кучларини қандай жамлашни билган ва буни қила олган ҳамда РФ қуролли кучлари (айниқса авиация) бунга халал беришга қодир бўлмаган шароитда. Агар фронтда шу вазият сақланиб қолганида, бу Кремлнинг муқаррар мағлубиятига етаклаган бўларди.
Сафарбарлик РФ қуролли кучлари учун вазиятни тубдан ўзгартира оладими?
Агар Кремль урушни давом эттирмоқчи экан, сафарбарлик — зарурий қадам (аммо, катта эҳтимол билан, бу етарли даражада эмас ва кечиккан):
- Президент фармонида қанча одамни сафарбар қилиш режалаштирилаётгани махфийлаштирилган, аммо РФ мудофаа вазири Сергей Шойгу 300 минг киши (бирданига эмас) сафарбар қилиниши режалаштирилаётганини айтди. Назарий жиҳатдан бу рақам Украинадаги Россия қўшини сонини икки баробарга ошириш имконини беради. Шунингдек ротациялар амалга ошириш ва тузилмаларни тўлдириш мумкин. Шу билан бирга, Шойгунинг тушунтириши буткул ёлғон бўлиши ва фармонда махфийлаштирилган банддаги рақамлар бутунлай бошқача бўлиши мумкин. «Медуза» манбаси захирадагилардан бир миллионга яқин одам сафарбар қилиниши мумкинлиги ҳақида маълумот берган.
- Фармондаги айрим қоидалар назарий жиҳатдан армияни тўлдириш билан боғлиқ вазиятни сезиларли даражада яхшилаши керак: гап амалдаги ҳарбий хизматчиларнинг шартномаларини номаълум муддатгача узайтириш (жумладан, Украинага битта «хизмат сафари» учун қисқа муддатли шартнома тузганларнинг ҳам), шунингдек, шартномаларни бекор қилишга тақиқ қўйилиши ҳақида бормоқда. Жиноят кодексига зудлик билан «хизматдан бош тортувчилар» учун жиноят иши очилиши тўғрисида тузатиш киритилган.
- Назарий жиҳатдан булар Россия қўшинларидаги шахсий таркиб билан боғлиқ вазиятни барқарорлаштириши ҳамда кадрлар қўнимсизлигига барҳам бериши керак.
- Аммо бу ечимнинг салбий томони ҳам бор: қисқа муддатли шартномалар зўрлик билан узайтирилиши қўшинларнинг руҳий ҳолатига акс таъсир кўрсатиши мумкин, қўшинлар сафида эса бундай шартнома тузганлар сони кўпчиликни ташкил этади: «кўнгиллилар» Россия ўлчовларида қисқа командировкалар учун катта пул ҳисобланадиган маблағларни деб ёлланган, энди эса уруш охиригача фронтда қолиб, ўз ҳаётини хавф остида қолдириши талаб этилади.
- Янги сафарбар қилинганларнинг аксари тез орада фронтда пайдо бўла олмайди: улардан янги тузилмалар тузиш жараёни олиб борилиши керак, чунки мавжуд бригада ва дивизиялар сафига ўн ёки юз минглаб кишини қўшиб, мослаштириб бўлмайди. Сафарбар қилинганлардан тузилган гуруҳлар дарҳол фронтга юборилса, улар юқори жанговар ҳолатда бўлиши даргумон. Хусусан, сўнгги вақтларда Донбассдаги «республикалар» аҳолисидан тузилган бўлинмалар аллақачон жуда паст самарадорлик кўрсатишди (Украина армиясидаги кўнгиллилар ва РФ қуролли кучларига урушгача ва унинг илк даврида Донбасс ва Россия ҳудудидан жалб этилган кўнгиллилардан фарқли ўлароқ) - украинларнинг Харкив областидаги қарши ҳужуми вақтида бундай бўлинмалар тарқоқликка учраб, биринчи бўлиб чекинганди. Жангга тайёр тузилмаларни шакллантириш, ўқитиш ва уларнинг ҳаракатини мувофиқлаштириш учун бир неча ой кетади — буни Украина қуролли кучлари тажрибаси ҳам кўрсатмоқда.
- Кремлнинг муаммоси шундаки, унга қўшимча кучлар ҳозирнинг ўзида керак, чунки Изюм ва Купянскдаги мағлубиятдан кейин РФ қуролли кучлари инқирозни бартараф эта олмади. Украинларнинг давом этаётган қарши ҳужумлари Россия армияси яна кўп ҳудудларни, жумладан, тўлиқ эгалланиши босқиннинг бош мақсади сифатида эълон қилинган Луҳанск ва Донецк областларидаги кенг ҳудудлар устидан назоратни йўқотишига олиб келиши мумкин. Шу билан бирга, Украина армияси ҳам баҳор охири ва ёз давомида шунга ўхшаш шароитда қолганида россияликлар ҳужумига дош бера олган ва бой берилган ҳудудлар Донбассдаги бир неча шаҳар билан чекланганди — аммо бу ўринда ёдда тутиш керакки, улар ўз ҳудудида жанг қилишмоқда.
- Ва ниҳоят, РФ мудофаа вазирлиги бир неча ой ичида армия янги жанговар шай бўлинмалар билан тўлдирилиши учун зарур бўлган «сафарбарлик тадбирлари»ни муваффақиятли амалга оширишига ҳам ишонч йўқ.
Россияда ташкилотчиликда қандай муаммолар бўлиши мумкин?
Назарий жиҳатдан замонавий техникалар ва тактикалар билан таниш бўлган (аммо Украинада жанг қилиш тажрибаси йўқ) ўн минглаб ва ҳатто юз минглаб янги аскарлар ортиқча қийинчиликларсиз сафарбар этилиши мумкин: сўнгги уч чақириқда (сўнггиси 2021 йил кузида) ҳарбий хизматдан бўшаганларнинг ўзи 300 минг кишидан ошади. Айнан улар сафарбар қилинувчилар учун мезонларга тўғри келади: армияда хизмат қилган ва ҳарбий мутахассисликка эга (тўғри, уларнинг барчаси ҳам қуруқлик қўшинлари, ҳаво-десант кучлари ёки денгиз пиёдалари сафида хизмат қилмаган, бу шуни англатадики, кўплар дарҳол фронтда фойдаланиш учун «яроқли эмас»). Шунингдек, сўнгги 15 йил ичида шартнома асосида хизмат қилиб (жумладан, Сурияда «жанговар тажрибага эга бўлганлар»), армиядан бўшаган яна юз минглаб захирадаги ҳарбий хизматчилар ҳам бор.
Аммо, Украинадаги уруш учун «кўнгиллилар»ни ёллаш бўйича кампания у қадар муваффақиятли кечмагани жангга боришни истайдиганлар сони кўп эмаслигини кўрсатди, бу эса сафарбарлик ўн минглаб кишилар хоҳиш-иродасига қарши мажбуран олиб кетилишини англатади. Аммо сафарбарликнинг бу босқичи осон кечган тақдирда ҳам янги қийинчиликлар чиқиши тайин.
Сўнгги ўн йилликларда Россияда советларнинг сафарбар қилинганлардан янги тузилмалар яратиш тизимидан воз кечиб юборилди. Собиқ мудофаа вазири Анатолий Сердюковнинг 2009-2012 йиллардаги ислоҳотигача, РФ қуролли кучларида кўплаб кадр бўлинмалар мавжуд бўлиб, захирадагиларнинг мунтазам йиғинлари ўтказиб туриларди. Уларнинг шахсий таркиби тўлиқ бўлмаса-да, моддий база ва офицерларга эга эди, сафарбарлик эълон қилинган тақдирда, улар тўлақонли бирлашмага айланарди. Армияни қисқартириш ва уни минтақавий тўқнашувлар ҳамда аксилтеррор амалиётларга мослаштиришга қаратилган ислоҳотлар натижасида бундай қисмларга барҳам берилди.
Сўнгги йилларда армияда ўнлаб янги тузилмалар пайдо бўлди, аммо ҳарбий хизматчилар сони деярли ўсмади. Янги тузилмалар яхлит бўлиб шаклланмаган, яъни сафарбар қилинганларни қабул қилишга тайёр эди: бригада ва дивизияларнинг кўпчилиги шунчаки очилган ва шахсий таркиб етишмовчилиги туфайли жуда заиф эди. Улар айнан шундай ҳолатда урушга юборилди. Назарий жиҳатдан уларни сафарбар қилинганлар билан тўлдириш мумкин, аммо юқорида айтилганидек, улар ўн ёки юз минглаб янги ҳарбийларни қабул қилиш ҳолатида эмас. Шундай қилиб, янги чақирилаётганларни қабул қилиш учун шунчаки ташкиллашган тузилмалар йўқ:
- Асосий муаммо — замонавий урушлардан хабардор бўлган офицерлар етишмовчилиги. Сафарбарлик бўйича чақирилаётган офицерлар эса ўзи ҳам қайта ўқитишга муҳтож ва сафарбар қилинган оддий аскарлар билан дарҳол машғулотларни бошлай олмайди. Тажрибали офицерлар — фронтда ва улар ёппасига сафарбар қилинганларни тайёрлаш ва уларга жанговар кўникмаларини етказиши учун ортга қайтарилиши даргумон.
- Қуроллантириш билан боғлиқ муаммолар юзага келмоқда. Россия армияси урушнинг етти ойи давомида минглаб техникаларини йўқотди (ҳатто эскирган техникалар омборлардан олиб чиқилиб, сафдан чиққанлари ўрнига юборилди). Захирада юз минглаб ҳарбийларни ўз ичига оладиган ўнлаб бирлашмаларни қуроллантириш учун зарур бўладиган яроқли техникаларнинг улкан базаси бор-йўқлиги номаълум.
- Россия қўмондонлиги Украинада жанг қилаётган у қадар катта бўлмаган гуруҳларни самарали бошқара олмади. Тузилмалар сони ортиши билан бошқарувдаги муаммолар фақат ортади.
- Бу (ҳатто кўпроқ даражада) таъминотга ҳам тааллуқли: қўмондонлик шусиз ҳам Украинада жанг қилаётган кичик гуруҳлар таъминотини тўғри йўлга қўя олмади (айниқса, темирйўллардан фойдаланиб бўлмайдиган ҳудудларда, чунки армияда юк машиналари ва йўл очувчи бошқа махсус техникаларнинг ўткир етишмовчилиги кузатилмоқда). Украина қуролли кучлари фронт чизиғидан ўнлаб километр ичкаридаги инфратузилмалар ва омборхоналарга зарба бериш имкониятига эга бўлган шароитда катта сондаги гуруҳлар қандай таъминланиши савол остида. Таъминот бўйича вазият ўзгариши учун нафақат аскар ва офицерлар, балки транспорт воситаларини ҳам сафарбар қилиш талаб этилади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар