01:19 / 07.06.2023
674

“Толибон” Афғонистондаги кўкнори майдонларини қандай йўқ қилмоқда?

Фото: BBC

Яқин вақтгача афғон кўкнориси билан жаҳон бозоридаги героиннинг катта қисми ишлаб чиқариларди. Афғонистонга сафар қилиб, сунъий йўлдош таҳлилини ўрганган BBC мухбирлари “Толибон” ҳаракатининг ҳозирги раҳбарлари кўкнори етиштиришга қарши курашда ўзларидан олдинги раҳбариятдан кўра кўпроқ муваффақият қозонганига гувоҳ бўлди.

Абдул исмли афғонистонлик эркак (“Толибон” вакили) чап елкасига Калашников автомати, ўнг қўлида эса катта таёқ билан бор кучини ишга солиб, кўкнориларнинг юқори қисмига уради, шундан кейин экин ўзига хос ўткир ҳидни атрофга ёяди.

Бир неча дақиқада Абдул ва унинг ўнлаб ҳамроҳлари шу тариқа кичик далани қоплаган кўкнори экинини йўқ қилади. Уларнинг ишлаш тезлиги ҳайратланарли.

Эркаклар шалвар ва камзул кийган (анъанавий афғон туникалари ва кенг шим). Уларнинг барчаси қуролланган, чунки вақти-вақти билан дала эгалари уларга қаршилик кўрсатиши мумкин.

Фото: BBC

Бир далани тугатгандан сўнг, улар юк машинасининг орқа томонига ўтириб, кейинги далага йўл олади.

Бу Афғонистон шарқида жойлашган Нангарҳор вилоятидаги “Толибон” ҳаракатининг гиёҳвандликка қарши отряди. Икки йилдан камроқ вақт олдин бу одамлар исёнчилар эди. Энди эса улар ғалаба қозониб, ўз раҳбарининг буйруғини бажариб, ҳокимият томонида фаолият олиб бормоқда.

2022 йил апрель ойида “Толибон” олий раҳбари Ҳайбатуллоҳ Охундзода героиннинг асосий таркибий қисми бўлган опиум етиштиришни қатъиян тақиқловчи фармон чиқарди.

Тақиқни бузган ҳар бир киши шариат қонунларига мувофиқ даласи вайрон қилинади ва жазоланади.

“Толибон” расмийларининг BBC'га айтишича, қатъий тақиқ афюннинг аҳолига зарарли таъсири ва тарқатилиши уларнинг диний эътиқодларига зид бўлгани учун жорий қилинган.

Кўкнори ўрнига буғдой

Афғонистон жаҳондаги опиумнинг 80 фоиздан ортиғини ишлаб чиқарган. Афғон опиумидан ишлаб чиқарилган героин Европа бозорининг 95 фоизини ташкил қилади.

Ҳозир йирик вилоятларда кўкнори етиштиришнинг кескин камайгани оддий кўз билан ҳам сезилади. Худди шу нарсани космосдан олинган тасвирлар кўрсатади.

“2023 йилда ўтган йилга нисбатан мамлакатда кўкнорининг йиллик ҳосили 80 фоизга камайиши мумкин. Эҳтимол, экинлар 2022 йилга нисбатан 20 фоиз камроқ бўлади. Қисқартириш кўлами мисли кўрилмаган бўлиши кутилмоқда”, — дейди Британиянинг “Алкис” сунъий йўлдош таҳлил компаниясининг афғон наркотик савдоси бўйича етакчи эксперти Девид Менсфилд.

Кўкнори ўрнига деҳқонлар ўз далаларида буғдой экади, бироқ бу улар учун анча кам фойда келтирадиган қишлоқ хўжалиги тури ва кўпчилик молиявий томондан қийналаётганини айтмоқда. Аммо баъзилари ҳали ҳам тақиқни бузмоқда.

“Толибон” отряди фермер Али Муҳаммад Мианинг кўкнори даласини йўқ қилиш учун келганида, у ҳайратда қолган ифода билан даласидаги пушти гуллар, яшил уруғ кўчатлари ва синган пояларнинг ерга тушишини кузатган.

Фото: Али Муҳаммад Миа / BBC

Эркак тақиққа қарамай, нега кўкнор етиштирганини қуйидагича изоҳлаган.

“Уйингизда овқат бўлмаса, болаларингиз оч қолса, яна нима қила оласиз? Агар буғдой етиштирсак, афюн сотишдан оладиган даромадимизнинг атиги бир қисмини олардик”, — дейди у.

“Толибон” очликдан азоб чекаётган халқининг даромад манбасини йўқ қилишга қандай қарайди?

“Бу раҳбаримизнинг буйруғи. Биз унга шунчалик содиқмизки, агар у дўстимга мени осиб ўлдиришни буюрса, мен дўстимга таслим бўламан”, — дейди Нангарҳорда бўлган патрул отряди қўмондони Турхон.

Жануби-ғарбдаги Ҳилманд вилояти бир пайтлар Афғонистоннинг кўкнори маркази бўлган. Мамлакатдаги афюннинг ярмидан кўпи у ерда ишлаб чиқарилган. Ўтган йили BBC мухбирлари у ерда бўлганида кўкнори экилган далаларни кўрган, бу сафар эса экинлар йўқ.

Graphic: Helmand poppy cultivation has collapsed - shows two satellite pics of the province (2022 and 2023) demonstrating the fall-off in poppy farming

“Алкис” таҳлили шуни кўрсатадики, Ҳилмандда кўкнори етиштириш 99 фоиздан кўпроққа камайди.

“Ҳилманд вилоятининг юқори аниқликдаги суратлари кўкнори етиштириш ўтган йилги 129 минг гектардан 1000 гектарга камайганини кўрсатади”, — дейди Девид Менсфилд.

Ҳилманд маҳаллий аҳолиси ҳам зўрға рўзғор тебратаётганини, ҳукуматдан ёрдам йўқлигини айтади.

Graph: How poppy cultivation in Helmand has fallen (shows drop from 51.9% of crops in 2022 to 0.4% in 2023)

“Толибон” ҳукумати матбуот котиби Забиҳуллоҳ Мужоҳид Афғонистон муваққат ҳукумати халққа ёрдам бериш учун нима қилаётганига қуйидагича изоҳ берган.

“Одамлар жуда камбағал ва азоб чекаётганини биламиз. Лекин опиумнинг зарари унинг фойдасидан кўпроқ. Мамлакатимизда 37 миллион аҳолининг тўрт миллиони гиёҳвандликдан азият чекди. Бу жуда катта рақам. Муқобил ҳаёт тарзига келсак, биз халқаро ҳамжамият жабр чекаётган афғонларга ёрдам беришини истаймиз”, — дейди у.

У БМТ, АҚШ ва бошқа ҳукуматларнинг “Толибон” Ғарб коалициясига ва аввалги Афғонистон режимига қарши курашганида асосий даромад манбаи афюн бўлгани ҳақидаги даъволарини рад этади.

“Халқаро ҳамжамият инсонпарварлик масалаларини сиёсий масалаларга боғламаслиги керак. Опиумдан нафақат Афғонистон, балки бутун дунё ҳам жабр кўрмоқда. Агар дунё бу улкан ёвузликдан халос бўлса, афғон халқига ёрдам кўрсатилиши адолатдан”, — таъкидлади Мужоҳид.

Афғонистонда кўкнори етиштиришнинг тақиқланиши аллақачон афюннинг жаҳон нархида катта сакрашга сабаб бўлган. Бироқ бу героиннинг кўча нархига таъсир қилишидан олдин бир оз вақт ўтиши мумкин.

“Опий ва героин нархи сўнгги 20 йил ичида энг юқори даражада қолаётган бўлса-да, бу йил кўкнори етиштириш кескин камайганига қарамай, сўнгги олти ой давомида арзонлашмоқда. Бу тизимда сезиларли захиралар мавжудлигини ва героин ишлаб чиқариш ва савдоси давом этаётганидан далолат беради. Қўшни давлатлардаги мусодаралар ҳам яқин келажакда героин тақчиллиги кутилмаслигидан далолат беради”, — дейди Девид.

20 йил давомида кўкнори билан кураш

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси собиқ ходими Майк Трейс 2000 йилда, АҚШ Афғонистонга бостириб киришидан бир йил аввал биринчи “Толибон” режими афюн етиштиришни тақиқлаганида Буюк Британия ҳукуматининг наркотик сиёсати бўйича катта маслаҳатчиси бўлган.

“Бу Ғарб нархлари ва бозорларига катта ва дарҳол таъсир кўрсатмади, чунки бу гиёҳванд моддалар савдоси йўлида жуда кўп захиралар мавжуд. Бу бозорнинг табиати ва у сўнгги 20 йил ичида тубдан ўзгармади”, — дейди Трейс.

АҚШ Афғонистонда “Толибон”ни молиялаштиришни тўхтатиш умидида афюн ишлаб чиқариш ва унинг савдосини йўқ қилишга уриниш учун миллиардлаб доллар сарфлади.

Америкаликлар “Толибон” назорати остидаги ҳудудлардаги кўкнори майдонларига ҳаво ҳужумлари уюштирди, афюн захираларини ёқиб юборди ва гиёҳванд моддалар лабораторияларига рейдлар уюштирди.

Аммо BBC 2021 йилда “Толибон” ҳокимиятни қўлга киритгунга қадар кўрганидек, АҚШ томонидан қўллаб-қувватланадиган афғон назоратидаги ҳудудларда афюн бемалол етиштирилган.

Ҳозирча “Толибон” Афғонистонда Ғарб қила олмаган ишни қилганга ўхшайди. Аммо улар кўкнори тақиқини қанча вақт ушлаб туриши эса номаълум.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » “Толибон” Афғонистондаги кўкнори майдонларини қандай йўқ қилмоқда?
ePN