17:00 / 07.07.2023
454

Григорий Лепс МДҲ давлатларида концертлари бекор қилинганига муносабат билдирди

Фото: Григорий Лепснинг VK’даги саҳифаси

Россия халқ артисти Григорий Лепс Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистондаги концертлари бекор қилинганига муносабат билдириб, бу уни “хавотирга солмаслигини” таъкидлади. Бу ҳақда у “Говорит Москва”га берган интервьюсида маълум қилди.

Хонанда Россия ва МДҲ давлатларида етарлича иши борлигини таъкидлади ва “мусиқа сиёсатдан ташқарида бўлиши керак” деган фикрни билдирди.

“Энди Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқаларсиз қандай яшайман? У ердаги одамларнинг аксарияти мутлақо нормал, баъзи ўта чап ёки ўнгдагилар бор уларга 20 доллар тўланган, шунинг учун улар ҳаракат қилиб кўришдан мамнун. Қолганларига келсак, менга барибир.
Россияда яшайман, менга МДҲ мамлакатларидан — Жанубий Америка, Малайзия, Туркия ва шу кабилардан ташқари дунёнинг деярли барча мамлакатларига кириш тақиқланган. Мен мутлақо хотиржамман, ватанимда жуда бахтлиман. Ҳеч қандай муаммо йўқ.
Қолаверса, улар ўз юртларининг хўжайини, улар кимнидир киритишга, кимнидир киритмасликка ҳақли, лекин бунинг мусиқага алоқаси йўқ. Мусиқа сиёсатдан ташқарида бўлиши керак. Афтидан, менинг ‘махсус ҳарбий операция’даги позициям, ватанимга қандай хизмат қилишим ва йигитларимизга ёрдам беришим уларни ғазаблантиради.
Тарих бизни ҳукм қилади, қолган ҳамма нарса мени умуман безовта қилмайди. Қиладиган ишларимиз кўп, она юртимиз аҳолиси бизни жуда яхши кутиб олади, кўрганларидан хурсандлар, шубҳасиз мен ҳам бундан жуда хурсандман. Агар эртага менга дунёнинг ҳамма жойларига саёҳат қилиш тақиқланса, фақат ўз юртимда ишлашимдан фахрланаман ва хурсанд бўламан”, — деди у.

Аввалроқ 23-октябрь куни Тошкент шаҳридаги “Халқлар дўстлиги” саройида бўлиб ўтиши керак бўлган россиялик хонанда Григорий Лепснинг концерти бекор қилинганди. Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳам буни тасдиқлаб, концерт “айрим техник сабабларга кўра” қолдирилганини билдирди.

Бунгача Лепснинг Қозоғистон ва Қирғизистонда режалаштирилган концерти бекор қилинганди. Сабаби рус хонандаси Россиянинг Украинадаги босқинини доимий қўллаб келган ва урушни молиялаштиришни ҳам бошлаган. Хусусан, у Украина армиясига тегишли танкни ишдан чиқарган ҳар бир кишига бир миллион рубль тўлашни ваъда қилган ва рус аскарини Леопард танкини йўқ қилгани сабаб мукофотлаганди. Ижтимоий тармоқ фаоллари шу туфайли унинг мамлакатда концерт беришига кескин қаршилик кўрсатиб келаётганди.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Григорий Лепс МДҲ давлатларида концертлари бекор қилинганига муносабат билдирди
ePN