13:30 / 14.08.2023
626

Украина армияси қарши ҳужумда “тактик жиҳатдан муҳим” муваффақиятга эришди

Фото: Facebook

Украина армияси мамлакат жанубидаги иккита асосий фронтда “тактик жиҳатдан муҳим” муваффақиятга эришди, деб ёзмоқда The New York Times таҳлилчилар, украиналик расмийлар ва россиялик ҳарбий блогерларга таяниб.

NYT маълумотларига кўра, Украина қўшинлари Бердянск ва Мелитопол йўналишидаги 16-20 километрлик ҳудудни ўз назоратига олган. Қайд этилишича, Украина жанубидаги кампанияда минглаб аскарлар, жумладан, энг тажрибали денгиз пиёдалари ҳам қатнашмоқда.

Газетанинг таъкидлашича, Украина қўшинлари Донецк вилоятидаги вайрон қилинган Старомаёрское қишлоғи ҳудудида ўрнашиб турибди, қишлоқ озод қилингани ҳақида июль охирида маълум бўлганди. Украина Қуролли кучлари у ердан Россия қўшинларининг мустаҳкамланган ҳудуди — Мокрие Яли дарёси бўйида жойлашган Урожайное қишлоғи томон ҳаракатланмоқда.

The New York Times таъкидлаганидек, агар Украина армияси Урожайноени ёриб ўта олса, улар рус қўшинлари томонидан босиб олинган Азов денгизидаги икки йирик порт шаҳарлар — Бердянск ва Мариуполдан 50 миля (80 километр) узоқликка келиб жойлашади.

Украинадаги жангларнинг бориши ҳақидаги онлайн харитани юритувчи DeepState украин таҳлилчилари маълумотларига кўра, Украина ҳарбийлари Урожайное қишлоғининг катта қисмини озод қилган. 13 августга ўтар кечаси таҳлилчилар қишлоқнинг жанубий қисмида жанглар давом этгани ҳақида хабар берди. Запорожье вилоятининг аннексия қилинган қисмига Россия томонидан тайинланган “маъмурият” вакили Владимир Роговнинг айтишича, Украина ҳарбийлари Урожайное шимолида ўз позициясини ўрнатган.

13 август куни эрталаб Украина Қуролли кучлари Бош штаби Россия қўшинларининг “Урожайноеда бой берилган позициясини тиклашга уриниши муваффақиятсиз кечган”ини хабар қилди.

14 август куни Украина мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр қишлоқда украиналик ҳарбийлар “муайян муваффақиятга эришгани” ҳақида гапирди.

“Бу ҳафта Урожайное қишлоғида жанглар давом этди, у ерда муайян муваффақиятларга эришилди”, — деди Маляр брифингда.

Украина армияси 8 август куни Урожайноега ҳал қилувчи ҳужумни бошлаганди. Қишлоқни озод қилиш рус қўшинларини жанубга, Старомлиновка йўналиши бўйича иккинчи мудофаа чизиғига чекинишга мажбур қилиши мумкин.

Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Украина армияси қарши ҳужумда “тактик жиҳатдан муҳим” муваффақиятга эришди