07:00 / 24.07.2024
69

Америка тақдирини ўзгартирган ўқ ёхуд халқ номзодларни қандай танлаши ҳақида мулоҳазалар

Америка тақдирини ўзгартирган ўқ ёхуд халқ номзодларни қандай танлаши ҳақида мулоҳазалар
Фотоколлаж; Даракчи
Бу йил куз фасли кўпчилик мамлакатларда сайловлар фасли сифатида тарихда қоладиган бўляпти. Ҳеч шубҳасиз, сайловлар демократиянинг асосий элементларидан бири сифатида жамият ва сиёсат тараққиёти учун катта аҳамиятга эга. Шу йўл билан халқ ҳокимияти ва бошқаруви амалга ошади. Аксарият кўпчилик қатламнинг иродаси инобатга олиниб, улар ҳокимият тепасига келади. Бироқ демократиянинг тенглик тамойилига биноан, кичик овозга эга камчилик қатламнинг ҳам манфаат ва ҳуқуқлари таъминланади.

Идеал жамиятда давлат ва халқни бошқариш учун ҳар томонлама тўкис номзодлар танланиши ва уларнинг ҳам энг яхшиларига овоз берилиши керак. Агар шундай бўлганида, бошқарув ҳам идеал ҳамда муаммосиз бўларди. Айтайлик, икки номзоддан бирини сайлаш учун уларнинг билим, тажриба ва қобилиятлари, сайловолди дастури ва режалари ҳисобга олиниб, энг яхши “балл” йиға олган номзод юқори лавозимларга сайланиши керак. Бироқ халқ оммаси бундай қилмайди. Биринчидан таҳлил қилиш ва оқилона қарор чиқариш учун ҳаммада ҳам билим ва сиёсий онг етарли эмас. Иккинчидан эса, инсондан қалбдан ташқари қалб ҳам бор: у ҳиссиётлар орқали бошқарилади!

Хўш, халқ нимага асосланиб номзодларни танлайди?

Психологлар, сиёсатшунослар, маркетологлар ва бошқа туташ соҳа тадқиқотчилари бу масаласини обдан ўрганишган ва тегишли хулосалар чиқаришган. Танлов борасида бир неча назариялар ҳам ишлаб чиқилган:

Оломон эффекти

Одам бирор нарсани танлашда (хоҳ у кийим бўлсин, хоҳ тушликда нима ейиш ва хоҳ сиёсатчи номзод) аввало аксарият одамларда “бошқалар нима деяпти”, деган савол туғилади. Отаси футболга қизиққан болаларнинг ҳам шу спорт турига мойиллиги юқорироқ бўлади. Тушликка чиққанда шерикларингиз танлаган овқатни сиз ҳам танлайсиз. Бирор дўкон олдида одамлар узун навбат ҳосил бўлган бўлса, сиз ҳам ўша ерга борасиз. “Шунча одам бир нарсани билса керак” деган фикр хаёлингиздан ўтади, чунки. Бу танловни эса рационал (оқилона) деб бўлмайди, албатта.

Шу боис, 1971 йилда экранларга чиққан “Омадли жентельменлар” фильмида қамоқдан қочган қаҳрамондан “Сен нега қочдинг”, деб сўрашганида, “Ҳамма қочди, мен ҳам қочдим” дегани шунчаки латифа эмас, бу ҳам психологик асосларга эга.

Хулқ-атвор психологияси

2002 йилда Нобел мукофотини олган психолог Даниэл Канеман ҳам шунга ўхшаш ҳодисаларни, умуман одамнинг танлаш психологиясини ўрганиб, аввалги хулосаларга зарба берди. Авваллари сиёсатшунослик ва иқтисодиёт бўйича қонун-қоидалар ўрганилган. Одамлар ана шундай қоидалар асосида танлаб, оқилона қарор чиқаришга ҳаракат қилади, деб ҳисоблашган.

Америкалик қора танли стэнд-ап комик Дейв Шапелл 2000 йиилардаги ўз чиқишларидан бирида шундай деган эди:

Мен президентлик сайловларида кимга овоз беришимни аниқ айта оламан. Масалан, Билл Клинтон учинчи марта номзодини сайловга қўйганида, яна унга овоз берган бўлардим, Жорж Бушга эмас. Мен сиёсатчиларнинг гапларига ва кимлигига қарамайман, мен уларнинг хатти-ҳаракатларига қарайман. Клинтон сайловчилар билан учрашувлардан бирида қора танли чақалоқни қўлига олиб, кўтарди. Ҳммм, дедим, бу одамга овоз берса бўлади, дедим. Агар унинг ўрнида Жорж Буш бўлганида, қора танли чақалоқдан жирканиб, қўлига ҳам олмаган бўларди”.

Эҳтимол Клинтоннинг бу иши популистик ҳаракат бўлиши мумкин. Эҳтимол уйида ёки “ичида” у қора танлиларни ёмон кўриши мумкин. Бироқ жамиятдаги юриш-туриши ва хулқ-атвори унга муносабатни белгилаб берди. Бу хатти-ҳаракатлари билан Клинтон жамиятга “мен асил демократман, ҳамманинг манфаатларини ҳимоя қиламан” деган мужда йўллади.

Бироқ Даниэл Канеман бунга тескари фикр айтди. У ўзининг «Проспект назарияси»ни ишлаб чиқди. Булар асосида “Хулқ-атвор иқтисодиёти” тамойиллари ҳам ишлаб чиқилдики, у ердаги хулосаларни бемалол сиёсий танловларга ҳам татбиқ этиш мумкин. Зеро, юқорида зикр айтганимиздек, инсон нимани танлашидан қатъи назар, ҳамма гап унинг психологиясига бориб тақалади.

Олим Канеман ишлаб чиққан назарияга кўра, одамларнинг иқтисодий танловлари стандарт иқтисодий қарашларга тўғри келмайди. Мулоҳаза қилиш ва қарор қабул қилиш доим ҳам рационал ёки оптимал бўлавермайди. Ҳамма гап одамлар маълумотни қандай қабул қилиши ва ишлов беришига боғлиқ. Янада соддалаштириб айтганда, одамнинг онгига қандай таъсир кўрсатилса, у ташқи олам ҳақида шундай тасаввурда яшайди ва шунга мувофиқ қарорлар қабул қилади!

Мўлжал (таянч) нуқтаси

Танловни амалга оширишда, қайси бир номзод яхшироқ деган саволга жавоб бериш қийин. Ҳар бир сиёсатчининг яхши ва ёмон томонлари бўлади. Яхши номзод қандай бўлиши керак, деган қатъий меъёр ёки тарози ҳам йўқ.

Бу борада танловни “осонлаштириш” учун маркетингда ажойиб бир усул қўлланилади. Масалан, 3 та бир-бирига ўхшаш товар қўйилиб, улардан бирига ўта арзон, бошқасига эса ўта қиммат нарх қўйилади. Фақат битта (сотилиши керак бўлган) товарга ўртача нарх қўйилади. Инсон психологиясига кўра, у ўртача нархдагисини олади. Чунки арзон нарса сифатсиз, деган тушунча устунлик қилади.

Бу тамойилнинг сиёсий сайловлардаги вариантидан кўпчилик авторитар давлатлар фойдаланишади. Айтайлик амалдаги раҳбар ўлгунича шу курсида қолишни истаса, сайловларда “сиёсий вазни” ва обрўси ўзи билан тенг ёки баланд номзодларни сайловларга яқин ҳам келтирмайди. Ҳеч ким танимайдиган, ҳар томонлама сайловчилар ҳафсаласини пир қиладиган (ҳатто фамилиялари ҳам жарангсиз) номзодлар танланади. Улар таянч нуқтаси вазифасини ўташади. Халқ “улардан кўра, яна ўша ўзимизга таниш ва қадрдон номзод яхши”, деган ўй билан, ноилож эски раҳбарни “танлаш”га мажбур бўлади.

Популизм ва манипуляция

Номзодлар орасидан маъқулини танлашда, шунингдек, тарғибот, реклама, манипуляция ва популизм ҳам катта рол ўйнайди. Ҳозирги дунёда манипуляция ва руҳий таъсир қилишга, пи-ар ва популизмнинг аҳамияти кучайиб бормоқда. Ўзи яхши номзод бўлсада, бирор тадбирда “қовун туширган”, исталмаган гапларни гапириб қўйган сиёсатчи автоматик равишда нафратга сазовор бўлади. Ва аксинча, шу пайтгача фақат халққа зарар бериш билан шуғулланган сиёсатчи эса сайловлар олдидан турли популистик чиқишлар қилиб, халқнинг меҳри ва ҳурматига сазовор бўлишга ҳаракат қилади. Чунки жамият хотираси жуда қисқа бўлади. Чунки ҳамма ҳам тарихни титкилаб, таҳлил қилиб ўтирмайди. “Кеча ким бўлганинг билан ишим йўқ, бугун яхшидек кўриняпсанми, демак яхшисан”, деган примитив қараш устунлик қилади, кўпинча.

Айтайлик, яқинда, 13 июлда собиқ АҚШ президенти Доналд Трампга уюштирилган суиқасдни олиб кўрайлик. Сайловолди митингида унга ўқ узишди, бироқ бахтли тасодиф боис, ўқ сиёсатчининг ўнг қулоғини ялаб ўтди холос. Бундай ҳолатда Трампнинг тансоқчилари уни хавфсиз жойга кўтариб олиб чиқишлари керак бўлса-да, у бунга рухсат бермади, ўз оёғида минбарни тарк этди. Трамп қўриқчиларни тўхтатиб, қўлини мушт қилиб осмонга кўтарди-да, “курашинг, курашинг” дея уч марта қичқирди. Оломон “АҚШ, АҚШ” дея унга жўр бўлди. Юзи қон ва АҚШ байроғи фонида қўлини мушт қилиб тепага кўтариб турган Трамп сурати бутун ОАВларидан жой олди. Трамп аксарият америкаликлар ва ҳатто дунё жамоатчилиги олдида жасоратли ва қўрқмас сиёсатчига, салкам қаҳрамонга айланиб қолди.

Шуни унутмаслик керакки, аслида кўчмас мулк савдоси орқали миллиардерга айланган Доналд Трампда шоуменлик қобилияти аввалдан бор. У сиёсатга аралашувидан аввал кўплаб телевизон кўрсатувлари ва шоулари, гўзаллик танловлари билан америкаликлар орасида машҳур бўлган шахс.

Шу боис Трамп мазкур суиқасдни ҳам популистик шоуга айлантириб юборишнинг уддасидан чиқди. Бу маҳорати унга катта сиёсий фойда келтирди: таҳлилчиларнинг айтишича, Трампнинг ғолиб бўлиш эҳтимоли 30-40 фоизга ошди; шу пайтгача Трампни президентликка номзод сифатида кўрсатишга иккиланиб турган республикачилар партияси дарров унинг номзодини тасдиқлади.

Ҳатто кейинчалик ўтказилган республикачилар анжуманида қатнашчилар Трампга ўз бирдамликларини изҳор қилиб, ўнг қулоқларига лейкопластир ёпиштирилган ҳолда келишди. Трамп эса ўнг қулоғидаги ўқдан қолган кичик шилиниш шаклидаги жароҳатига босилган оқ латтани бамисли медал каби фахр билан тақиб юрибди. Яна бирор 10 кун бу латта Трампнинг қулоғидан тушмаса ҳам керак.

Шунингдек, бу воқеа Демократлар лагерида ҳам катта ўзгариш ясади. Трамп билан ўтказилган биринчи дебатдаёқ гаплари чалкашиб, фикр тизгинини йўқотгани боис халққа ҳам, демократлар партиясига ҳам ёқмай турган амалдаги президент Жо Байден номзодини пойгасидан чиқариб юборишга қарор қилишди. Унинг ўрнига вице-президент Камала Ҳаррис номзоди кўрсатилиши борасида тахминлар мавжуд.

Бироқ у Трамп каби “сиёсий вазн” ва машҳурликка эга эмас, қолаверса, “оқ танли” ҳам эмас. Яқинда ўтказилган ижтимоий сўровларга кўра, Ҳарриснинг ғолиб бўлиш имкониятлари жуда паст. Бунинг устига сайловга (5 ноябрга) жуда оз вақт қолган бўлиб, бу қисқа муддат ичида Камала Ҳаррисни халққа “севдириш” осон бўлмайди. Бунинг учун Трампга суиқасд воқеасидан ҳам кўра ҳиссиётлироқ ва халқнинг меҳри ёки ачинишини қўзғайдиган популистик тадбирлар ўйлаб топишга тўғри келади.

Бундан ташқари, АҚШдаги ёзилмаган (аниқроғи - тасодифий) анъанага кўра, республикачилар ва демократлар партияларининг вакиллари ўзаро алмашиб, ҳокимият тепасига чиқишади. Бу келишув эмас албатта. Шунчаки, айтайлик, демократик президентдан ҳафсаласи пир бўлган халқ, “бу гал республикачини сайлаб кўрайликчи” дея шундай қарорга келса, эҳтимол. Масалан, Барак Обама – демократ эди, у республикачи Трампга ўрнини бўшатиб берди. Трамп эса демократлар лагери вакили Жо Байденга ютқазди. Энди эса яна бир республикачи – Доналд Трампнинг ҳокимият тепасига келиши бу анъаналарга “мувофиқ” бўлиши мумкин.

Иш билган эмас, гап билган ютади

Хулоса қилиб айтганда, демократик жамиятларда сайловларда қандай номзодлар танланиши барибир халққа боғлиқ. Бироқ халқ онгини манипуляция қилиш каби “ғирром” усуллардан омонда бўлиш қийин. Лекин шундай бўлса-да, ўз боласига “тахт”ни мерос қолдирадиган ёки ўлгунича курсини бировга бермай яшайдиган диктаторлардан кўра, адолатли сайловлар, ҳар ҳолда, яхшироқ. Бир машҳур сиёсатчи айтганидек, демократия – энг яхши бошқарув тизими эмас, бироқ ҳали инсоният ундан яхшироғини ўйлаб топмаган.

Абдуллоҳ Саййид

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Америка тақдирини ўзгартирган ўқ ёхуд халқ номзодларни қандай танлаши ҳақида мулоҳазалар