Фото: Reuters
Калифорниянинг Лос-Анжелес округида янги ёнғин пайдо бўлиб, бир неча соат ичида 38 квадрат километр майдонни қамраб олди. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.
«Ҳюз» ёнғини 22 январ куни маҳаллий вақт билан соат 11:00 да Лос-Анжелесдан 80 километр шимолдаги Кастаик кўли яқинида бошланган. CNN’нинг маълумотларига кўра, ёнғин келиб чиққан ҳудуд асосан буталар ва яйловлар билан қопланган бўлиб, бир қисми ўрмонзорлардан иборат.
Ҳудуд маъмурияти Кастаик кўли атрофидаги аҳолини ёнғин хавфи тўғрисида огоҳлантирган. 31 минг киши эвакуация қилинган, яна 23 мингга яқин аҳоли кўчирилиши мумкинлиги айтилмоқда. Лос-Анжелес округининг шериф Роберт Лунанинг сўзларига кўра, ёнғин туфайли Кастаик округидаги қамоқхона маҳбуслари ҳам қисман эвакуация қилинган.
Лос-Анжелес округи ўт ўчириш хизмати бошлиғи Энтони Марроненинг таъкидлашича, «Ҳюз» ёнғини ҳозиргача назоратга олинмаган. Ўтни ўчириш учун 4 мингга яқин ўт ўчирувчи жалб этилган. Марроне маълумотига кўра, ҳозиргача ёнғин натижасида ҳеч қандай иншоот зарар кўрмаган.
Лос-Анжелес округида ёнғинлар қурғоқчил об-ҳаво туфайли 7 январ куни бошланган эди. 22 январ ҳолатига кўра, ўт ўчирувчилар 57 квадрат километр майдонни қамраган «Итон» ва 95 квадрат километр майдонни ёқиб юборган «Палисейдс» ёнғинларини назоратга олган.
Охирги маълумотларга кўра, ёнғинлар оқибатида 28 киши ҳалок бўлган, 16 мингга яқин иншоот ёниб кетган ёки шикастланган. Шунингдек, 180 минг киши эвакуация қилинган бўлиб, ёнғинлар етказган иқтисодий зарар 250 миллиард долларга баҳоланмоқда. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар