Келаси олти ойда 16 мамлакатни очарчилик хавфи кутмоқда — БМТ

БМТнинг озиқ-овқат агентликлари дунёдаги озиқ-овқат инқирози янада чуқурлашиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Урушлар, ёқилғи нархининг кескин ошиши ва гуманитар ёрдам ҳажмининг қисқариши миллионлаб одамларни оғир аҳволга солмоқда.
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) ҳамда Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) ҳисоботига кўра, яқин олти ой ичида 16 та мамлакатда очарчилик янада кучайиши мумкин. 2025 йил декабридан 2026 йил майигача бўлган даврни қамраб олган ҳисоботда Судан, Яман, Жанубий Судан, Сомали ва Нигерия шимоли энг юқори хавф гуруҳига киритилган.
Ушбу бешта давлат 2022 йилдан бери мунтазам равишда энг хавфли ҳудудлар рўйхатида қолиб келмоқда. 2025 йил октябрь ойида Ғазода ўт очиш тўхтатилганидан сўнг Фаластин ҳудудлари хавф даражаси бўйича бир поғона пастга туширилди. Бироқ Ғазо аҳолисининг 67 фоизи ҳануз оғир очарчилик шароитида яшамоқда. Мутахассислар ижобий ўзгаришлар ҳали жуда заиф эканини таъкидламоқда.
Суданда уруш ва қурғоқчилик вазиятни оғирлаштирмоқда
Суданда уруш ва Яқин Шарқдаги можаро туфайли ёқилғи нархининг ошиши оқибатида бир йил ичида оқ жўхори ва дизель ёнилғиси икки баравардан кўпроққа қимматлашди.
Ҳозирда мамлакат аҳолисининг 41 фоизи, яъни қарийб 19,5 миллион киши ўткир озиқ-овқат етишмовчилигидан азият чекмоқда. Шимолий Дарфур ва Жанубий Кордофаннинг 13 та ҳудудида очарчилик хавфи сақланиб турибди. Қочоқлар лагерларида эса тўйиб овқатланмаслик даражаси энг критик нуқтадан ошиб кетган.
Вазиятни Эл Нино ҳодисаси билан боғлиқ қурғоқчилик ҳам оғирлаштирмоқда. Бу Тинч океани сувларининг табиий исиши натижасида юзага келадиган об-ҳаво ўзгаришидир. Қурғоқчилик Сеннардаги экин майдонларининг 55 фоизига, Гедарефда эса 70 фоизига зарар етказган.
Яманда сиёсий тўсиқлар ва денгиз йўлларидаги хавф
2014 йилдан бери уруш давом этаётган Яманда июль ойида жанглар қайта авж олганидан сўнг 300 мингдан ортиқ киши уйини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Ҳукумат назоратидаги ҳудудларда 1,8 миллион киши фавқулодда очарчилик ёқасида турибди. Умуман, мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпи — 18,3 миллион киши оғир инқироз ҳолатида.
FAO бош директори ўринбосари Бет Беҳдолнинг таъкидлашича, муҳтожларга ёрдам етказишдаги асосий тўсиқ географик эмас, балки сиёсий характерга эга. Ҳусийлар ҳануз БМТнинг 73 нафар ходимини ҳибсда ушлаб турибди.
Бундан ташқари, озиқ-овқат ва ёқилғи импортига қарам бўлган Яман учун Қизил денгиз, Ҳормуз бўғози ва Қора денгизда кемалар қатновининг издан чиқиши ҳам жиддий таҳдид солмоқда.
Гуманитар ёрдам ҳажми сезиларли даражада қисқарган
Асосий донор давлатлар маблағ ажратишни камайтиргани сабабли 2022–2025 йилларда энг хавф остидаги бешта давлатга бериладиган озиқ-овқат ёрдами 62 фоизга, Яманга ажратиладиган кўмак эса 79 фоизга қисқарган.
Мутахассислар фермерларга уруғлик ва чорва молларини асраб қолиш учун зарур маблағларни фалокат юз бергандан кейин эмас, балки экиш ва ҳосил йиғиш мавсумида ўз вақтида етказиш муҳимлигини таъкидламоқда.
«Ўша фурсат бой берилса, уни қайтариб бўлмайди. Акс ҳолда, биз олдини олиш ўрнига фақат йўқотиш ва талафотларни молиялаштирамиз», — деди Бет Беҳдол.
Мутахассислар фикрича, очарчиликнинг янада кучайишини олдини олиш учун гуманитар ёрдамни ўз вақтида етказиш ва қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш зарур.
Кейинги янгилик

Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…