22:14 / 28.01.2025
917

Украинанинг янги бригадаси Покровск яқинига ташланганидан кейин пароканда бўлиб кетди

Украинанинг янги бригадаси Покровск яқинига ташланганидан кейин пароканда бўлиб кетди
Фото: forbes.com
Украина қуролли кучларининг яқинда ташкил этилган 157-механизациялашган бригадаси Донецк областининг Покровск районига жойлаштирилганидан кўп ўтмай ундаги ҳарбийларнинг бир қисми ўз қисмини ташлаб кетган, бедарак йўқолган ёки ҳалок бўлган. Бу ҳақда ҳарбий хизматчилар билан суҳбатда бўлган Hromadske нашри батафсил ҳикоя қилади.

157-бригадани 2024 йил баҳорида тузишга киришишганди, унинг айрим бўлинмалари сентябр ойида ҳарбий ҳаракатларга киришди, бригаданинг ўзи тўлиқ ҳолатда ноябрдан урушда қатнаша бошлади. Унинг жангчилари ўшанда дарҳол муҳим йўналишлардан бири — Донецк областининг Покровск ва Курахово шаҳарларига юборилади, деган Hromadske нашрига бригаданинг 2024 йил 29 декабрида бедарак йўқолган ҳарбийларидан бирининг рафиқаси. Йўқолган ҳарбийнинг командири аёлга унинг турмуш ўртоғи қисмини ташлаб кетган бўлиши мумкинлигини айтган. Нашр суҳбатдоши эри Россия асирлигига тушганидан умид қилмоқда. 157-бригада жангчиларининг қариндошлари фейсбукдаги Украинада бедарак йўқолган одамларни қидиришга бағишланган гуруҳда яқинлари йўқолгани ҳақида кўп ёзишган.

Yan Dobronosov / Global Images Ukraine / Getty Images
Бригада ҳарбийларидан бири Hromadske билан суҳбатда аскарлар ҳам, офицерлар ҳам қисмни рухсатсиз тарк этаётгани ҳақида айтиб берган. «Бир гуруҳни окопларга олиб боришган, улар атрофни кўздан кечиришган ва машинага ўтириб, кетиб юборишган. Бирданига етти киши», — деган суҳбатдош. Бригададан жами қанча киши қочиб кетгани аниқ эмас. Нашр манбалари айтишича, бу бригаданинг камида учдан бир қисмини ташкил этиши мумкин — яъни мингдан ортиқ киши. Шу билан бирга, бригада вакиллари ҳатто анонимлик шарти билан ҳам бу миқдорни очиқламаяпти.

Ҳарбийлардан бири нашрга 157-бригада аскарарига жанговар уйғунликка эришишга вақт берилмасдан, «бўлакларга ажратиб юборишган». «Яъни бошқа бригадалардан келишди ва бизнинг баталёнларни тўлиғича ўзларига олишди. Иккита баталённи шундай қилиб йўқотдик. Ҳолбуки биз жанг майдонига атиги икки ой олдин келгандик», — дейди ҳарбий. Бошқа суҳбатдош янги чақирилганлардан 48 нафари Украина қуролли кучларининг 55-бригадасига олингани, шундан кейин уларнинг барчаси ҳалок бўлганини айтган.

Украина қуролли кучлари бош штабидагилар Hromadske сўровига жавобан аскарлар бир қисмдан бошқасига «миллий хавфсизликка таҳдид солувчи инқирозли вазият юзага келгани туфайли» ўтказилганини билдирган. «Ҳарбий қисмларни тўлдириш шахсий таркибнинг ҳарбий қисмлар ўртасида ҳаракатланиши, шу жумладан ҳарбий хизматчиларнинг розилигини олмасдан амалга оширилиши мумкин», — дейишган бош штабдагилар.

157-бригада командири, полковник Петр Чуб Hromadske учун изоҳида деярли барча аскарлар индивидуал тайёргарликдан ўтгани, аммо бригадага коллектив тайёргарлик учун вақт берилмаганини айтган. «Ва бу [коллектив тайёргарликдан ўтиш] менинг командир сифатидаги истагим ёки қўл остимдагилар талаби эмас, мавжуд кўрсатмалар ва буйруқларга кўра шундай қилиниши керак эди», — деган командир. 157-бригада штаби офицери анонимлик шарти билан шундай деган: «Ўзингиз тушунасизку, штабдан „олдинга-олдинга“ буйруғи келадиган бўлса, унда сенда жанговар уйғунлик учун вақт бўлган бўлмагани ҳеч кимнинг парвойига келмайди».

Полковник Петр Чуб аскарлар бригададан қочиб кетаётганини тан олган. Унинг фикрича, бу бригада парчалаб юборилаётгани учун сафарбар қилинганлардаги иштиёқ пастлиги туфайли бўлмоқда. Командирнинг сўзларига кўра, бригададан тўрт марта аскарларни бошқа ҳарбий қисмларга, жумладан, десант-штурм қўшинлари ва денгиз пиёдаларига қўшиш учун олиб кетишган. Шундан кейин, бир неча кун олдин аскарлар ўзларини десант-штурм қўшинига ўтказишлари ҳақида хабар топишгач, бригадада ҳарбий қисмни ташлаб кетиш ҳолатлари кўпайган. Шу билан бирга, Петр Чуб бригада шахсий таркибининг 40 фоизини йўқотгани ҳақидаги хабарларни рад этган. «Ҳарбий қисм олдинга қўйилган вазифаларни бажаришда давом этмоқда ва бундан кейин ҳам давом этади. Шахсий таркибни тайёрлаш ҳам», — деган Чуб.

Hromadske манбаларига кўра, 157-бригада фақат сафарбар қилинган украинлардан тузилган, бригадада «жанговар скелет», яъни уруш тажрибасига эга бўлган аскарлар йўқ. «Масалан, уруш кўрган 30 кишидан иборат ротага янги одамлар қўшилиши керак […] Бу ерда эса барча янги. Улар бир-бирига қарашади — луп-луп, луп-луп. Бир-бири билан шундай гаплашади: „Тамом, бошимизга бало келди“. Ортга қайрилишади ва кетишади», — дейди манбалардан бири. Бригада офицери ҳар бир ротада ҳеч бўлмаганда рота командири жанговар тажрибага эга бўлиши керак, бу ерда эса ротага — «икки кун олдин ҳеч кимга халал бермай ўтирган» одам командирлик қилмоқда.

Hromadske нашрининг 157-бригададаги манбаларидан бири Украина қуролли кучлари раҳбарияти нима учун янги чақирилганларни мавжуд бўлинмаларга йўналтирмасдан, улардан янги бригадалар тузаётгани борасида савол қўйган. Нашр журналистлари бу ҳақда бош штабдан сўрашган, у ердагилар эса қуйидагича жавоб қайтарган:

«Ҳарбий ҳолат даврида Украина қуролли кучларида янги ташкилий-штат тузилмаларини шакллантириш ва тўлдириш —юклатилган вазифаларни бажариш жараёнида юзага келадиган эҳтиёжларга мувофиқ ва тўқнашув чизиғидаги вазиятни, душман кучлари ва воситаларининг нисбатини ҳисобга олган ҳолда ҳамда давлат раҳбарияти ва Украина қуролли кучларининг тегишли қарорлари асосида амалга оширилади».

Украина қўшинлари таркибини кузатиш билан шуғулланувчи Militaryland гуруҳи ҳисоблашича, Украина қуролли кучларининг 157-бригадаси 150-сериясидаги бошқа икки бригада тақдирини такрорламоқда. «Жангчилари шаклланиш жараёнида олиб қўйилади, бўлинмалари шошилинч тарзда, зарур тайёргарликсиз фронтга юборилади ва бу катта йўқотишларга олиб келади. 150-сериядаги бригадаларнинг ҳолати шунчаки даҳшатли ва нима учун бу муаммолар олий қўмондонлик эътиборидан четда қолаётгани ажабланарли, ва умид қиламизки, ҳали жангга юборилмаган бригадалар, айнан айтадиган бўлсак, 156-, 158- ва 159-бригадалар бу хатолардан сабоқ чиқара олади», — дейишган Militaryland вакиллари.

157-бригада — 2023-2024 йилларда тузилган 151-, 153-, 154-, 155-, 156-, 158- ва 159-механизациялашган бригадалар қаторида 150-серияга кирган саккиз бригададан биридир, деб ёзади Америкадаги Forbes журнали мухбири Дэвид Акс. Унинг сўзларига кўра, бу бригадалар «катта, аммо мўрт»: командирлар тажрибасизлиги, замонавий зирҳли техникалар камчиликлари ва руҳият паст даражада экани дезертирликка олиб келмоқда.

Украина қуролли кучларининг 157-бригадасидаги вазиятни яқинда ташкил этилган бошқа бир бригада, 155-бригададаги вазият билан солиштиришмоқда. Украиналик журналист Юрий Бутусов 2024 йил декабрида 155-бригада жангларга киришга улгурмасидан, унинг сафларидан 1700 ҳарбий қочиб кетгани ҳақида хабар берганди, уларнинг 50 нафардан ортиғи Франциядаги машғулотлар чоғидаёқ ҳарбий қисмни ташлаб кетган. Франция мудофаа вазирлиги машғулотлар чоғида 55 ҳарбий дезертирлик қилганини тасдиқлаган. Украина қуролли кучлари қуруқлик қўшинлари қўмондони Михайло Драпатий янги бригада «жуда қисқа муддатда — атиги бир неча ой ичида» шакллантирилгани, бу эса «жавобгар шахслар томонидан расмиятчиликка олиб келгани» ҳақида гапирган. Бригада командири Дмитро Рюмшин 2024 йил декабрида «жангчиларнинг иштиёқсизлиги ва бўлинмаларни бошқаришдаги муваффақиятсизлик» учун лавозимидан бўшатилди, 2025 йил январида эса аскарларнинг ёппасига дезертирлиги учун ҳибсга олинди.

Журналист Юрий Бутусов 12 январ куни берган хабарга кўра, 155-бригададаги дезертирлик фонида Украина президенти Володимир Зеленский янги бригадалар тузишни тўхтатиб, янги сафарбар қилинганларни мавжуд жанговар бўлинмаларга юборишга қарор қилган.

Источник: Мeduza.io

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг