00:17 / 29.01.2025
439

Трамп ғазоликларни бошқа давлатга кўчирмоқчи. Бу қанчалик амалга ошади?

Трамп ғазоликларни бошқа давлатга кўчирмоқчи. Бу қанчалик амалга ошади?
Доналд Трампнинг Ғазо аҳолисини кўчириш таклифи ортидан, Ҳамас мусулмон дунёсига мурожаат қилди. Трамп тилга олган Миср ва Иордания якка ҳолда рад жавобини берди, аммо минтақа давлатларидан якдил коалицион баёнотлар бўлмади. Kun.uz мавзу борасидаги саволлар билан сиёсий таҳлилчилар Камолиддин Раббимов ва Фазлиддин Мадиевга мурожаат қилди.

— Доналд Трампнинг Ғазо аҳолисини Иордания ва Мисрга кўчириш таклифини қандай изоҳлаш мумкин?

Фазлиддин Мадиев
: Трампнинг бу таклифи борасида бутун дунё бўйлаб турли баҳс-мунозаралар кетяпти, лекин бу янгилик эмас. Унинг биринчи ваколат муддатида ҳам бундай фикрлар янграган, ҳатто Трамнинг ўзидан ҳам эшитганмиз. Бироқ ўша вақтда бу иш амалга оширилмаган, ҳозир эса бу таклиф катта эҳтимол билан, изчил режа асосида амалга оширилади. Чунки Ғазо ҳудудида кўп одам қолгани йўқ. Бу ердаги 1,5-2 миллион кишини кўчириш Америка ёки Исроил ҳукуматига жуда катта муаммо туғдирмайди, чунки уларда бунга кучли хоҳиш-истак бор. Улар вазиятни шу нуқтага олиб келиш учун ҳаракат қилишди.

АҚШнинг ичкарисидан чиқаётган маълумотларга қараганда, Трамп Американинг харитада кўзга ташланмас империяси ҳудудларини ташкил қилиш устида ишлаяпти ва бу таклиф ҳам айнан шунга қаратилган. Аҳолини кўчириш жараёни АҚШ ва Исроил ҳукуматларига қийин бўлмаслиги мумкин, лекин маҳаллий аҳоли учун бу жуда оғриқли жараён, шу сабабли бу таклифни амалга ошириш чоғида яна қон тўкилиши ҳолатлари кузатилиши мумкин.

Исроилнинг ўта ўнг қарашдаги сиёсатчилари Трампнинг бу таклифидан ниҳоятда мамнун бўлиб, унга ташаккур ҳам айтишди.

— Ҳамаснинг мусулмон дунёсига мурожаатидан кейин, араб ва мусулмон давлатлари ягона позицияни кўрсатдими?

Камолиддин Раббимов
: Араб давлатлари ҳозирча бирлашган ҳолда жиддий баёнотлар бергани йўқ, лекин мусулмон дунёсининг бу борадаги позицияси аниқ: ҳеч бир мусулмон давлати бу таклифга рози бўлмайди.

Аввалдан маълумки, Трамп – ҳаддан ташқари исроилпараст, христиан сионисти. Ўзи христиан динига эътиқод қилишига қарамай, яҳудийларни христиан дунёси учун жуда муҳим санайди. Қолаверса, у оилавий даражада ҳам яҳудийларга боғланган. Охирги сайлов жараёнларида ҳам айнан яҳудий миллиардерларнинг кўпи Трампни қўллаб-қувватлади.

Трамп ҳар доим исломофобия қарашларига эга сиёсатчи бўлган, фақатгина айрим араб давлатлари билан фойда кўриш имкониятини сақлаб қолиш мақсадидагина яхши муносабатда бўлади. Унинг сиёсий “фишка”си – қаттиқ қўрқитиш ва шу орқали ўз режаларини амалга оширишга асосланган.

Доналд Трамп ва Исроил ўртасида аввалига инаугурацияни кутиш, сўнг сиёсий технологиялар асосида Ғазони босқичма-босқич қўлга киритиш борасида норасмий келишув бўлган бўлиши мумкин. Трамп лавозимга киришганидан бир кун ўтар-ўтмай, Ғазо жуда ҳам яхши жой, денгизга яқин, об-ҳавоси тозалиги ҳақида гапирганидан шубҳалана бошлагандим. Мана, орадан кўп ўтмади...

Ғазони этник тозалаш ва аҳолисини қўшни давлатларга кўчириб юбориш – халқаро ҳуқуқ нуқтайи назаридан, битта давлатни тўлиқ демонтаж қилиш, энг катта жиноят. Доналд Трамп кўзини чирт юммасдан мана шундай жиноий баёнотларни беряпти. Америка давлатчилигида албатта бунинг тарихий оқибатлари қолади. Мусулмон дунёси аллақачон кўзини очиши керак эди. Мусулмон мамлакатлари ўз сиёсий тизимлари орқали халқ билан давлатчиликни жипслаштириб, қудрат яратишда жудаям оқсаяпти.

— Араб ва мусулмон давлатлари Трампнинг мазкур баёнотига кескин реакция билдириши керак эмасми? Масалан, Саудия Арабистони АҚШга катта миқдорда инвестиция киритмоқчи, яъни ричаглари бор-ку?

Камолиддин Раббимов
: АҚШдаги республикачилар, хусусан Доналд Трамп билан Саудия Арабистони жуда илиқ муносабатларга эга. Саудия Арабистони Трампнинг тилини яхши билади, Трамп ҳам Саудияни яхши тушунаман деб ўйлайди. Бизнес нуқтайи назаридан, улар ўртасида яқинлик шаклланган.

Жо Байден ҳокимиятга келаётган пайтда у Саудия бўйича Жамол Қошиқчи ва бошқа сабаблар билан қаттиқ баёнотлар берган эди. У президентликка келганидан кейин Саудия–Америка муносабатлари жуда пасайиб кетди ва муносабатларни нормаллаштириш учун икки йил кетди. Доналд Трамп ва Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатлар эса жуда ижобий. Саудия Фаластин сабаб Трамп билан муносабатларни ёмонлаштиришни истамайди. Фаластин можароси бошланганида дастлаб Саудия бу масалага аралашмади, Иброҳим келишувларига қайтамиз деган позицияда турди, лекин мусулмон давлатларининг босими натижасида кейинчалик Саудия ўзининг бу борадаги эътирозларини юқори даражага олиб чиқди.

Яна бир омил – айрим араб давлатларининг Ҳамасга бўлган совуқ муносабати. Шунинг учун ҳам улар Ҳамаснинг мурожаатига лаббай деб жавоб бергани йўқ.

Ғазоликларни кўчиришни минтақадаги ҳеч бир давлат қўллаб-қувватламайди. Кўрамиз, Нетаняҳу келаси ҳафта Вашингтонга бориши керак. Менимча, яширин келишувлар албатта бўлади. Трамп катта келишувларни босқичма-босқич, яшириб қиляпти. У АҚШнинг ўзи ҳам тарафдори эканини айтиб келган “икки давлат” концепциясидан тўлиқ воз кечяпти.

— Трамп Ғазонинг 1,5 миллион аҳолисини кўчириш ҳақида гапирди. Лекин у ердаги фаластинликлар сони бундан кўпроқ. Айнан 1,5 миллион дейилишининг бирор сабаби борми?

Фазлиддин Мадиев
: Бизда Ғазо аҳолиси сони ҳақидаги холис ва ҳаққоний маълумотларни олиш имкони йўқ. У ердан олинаётган маълумотларнинг аксарияти айнан Исроил томонидан тарқатилади. Лекин сектор аҳолиси сони 2 миллиондан ортиқ экани ҳақиқатга яқин.

Ғазо бизнес нуқтайи назаридан идеал ҳудуд сифатида баҳоланмоқда. Шундай экан, аҳолини кўчиришда бой тадбиркорларнинг ёрдамидан фойдаланилиши ҳам мумкин. Бу ҳудуд ҳозир яшаш учун яроқсиз аҳволга келган, шу сабабли аҳолини ихтиёрий-кўнгилли равишда кўчириш катта муаммо келтириб чиқармайди, деган версиялар ҳам янграмоқда.

Бундан ташқари, Америка ва Исроил бу минтақада Туркиянинг манфаатларини чеклаш устида ҳам жиддий ҳаракатлар олиб бормоқда. Чунки Туркия ҳам бу ҳудудга ўз таъсирини кучайтириш борасида ҳаракатларни бошлаган эди.

— Бу масала нега айнан Миср ва Иорданияга таклиф этилди?

Камолиддин Раббимов
: Араб-Исроил урушларида Фаластин аҳолиси асосий иккита давлатга чиқиб кетган: Иордания ва Миср. Шу тарихий омил туфайли ҳам АҚШ шу икки давлатга “ғазоликларни сизлар олинглар” деб таклиф қиляпти. Араб давлатлари ҳеч қачон бу нарсага рози бўлмайди.

Трамп буни амалга ошириш учун уруш қилишга бормайди, лекин назаримда, асосий провокация барибир Исроил томонидан бўлади. Ҳали уруш тугагани йўқ, фақат тактик жиҳатдан пауза ҳолатига қўйилди. Исроилнинг мақсади Ғазодан аҳолини тўлиқ сиқиб чиқариш у ерни ўзлаштириш эди. Миср энг қирғинбарот кунларда ҳам Рафаҳдаги чегарани очмаган эди, чунки аҳоли бир чиққанидан кейин уларни Исроил қайтиб киритмайди.

Менимча, араб давлатлари, мусулмон дунёси йиғилиб, Трампга қаттиқ йўқ демайди. У билан муносабатларни сақлаб қолиш учун оҳиста йўқ деган жавоб айтилади.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг