
Hennadii Minchenko / Ukrinform / Future Publishing / Getty Images
АҚШ президенти Доналд Трамп 2025 йил 20 январда бўлиб ўтган инаугурациясидан сўнг, дарҳол Путин билан учрашиш нияти борлигини тасдиқлади. Ўша пайтдаёқ халқаро кузатувчилар бу музокаралар давомида Киевнинг фикри эътиборга олинмаслигидан хавотир билдиришган эди. Тахминан ўша кунлари Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михайло Подоляк «Медуза» билан суҳбатда Трамп Россия босқини бўйича таклиф этаётган қадамларни кўпроқ оптимистик руҳда баҳолаганди.
Бир ой ўтиб эса Трамп Зеленскийни «диктатор» деб атади, Украинадан ҳарбий ёрдам эвазига украин нодир ерости металларини етказиб бериш бўйича ноқулай битимни имзолашни талаб қилди, АҚШ ва Россия делегациялари эса тинчлик музокараларини Украина ва Европа иштирокисиз олиб бормоқда.
«Медуза» Подоляк билан яна боғланиб, бу воқеалар ҳақида расмий Киев қандай фикрда эканини аниқлашга ҳаракат қилгани ҳақида Kun.uz маълум қилди.
— Киев бир неча бор дунёни Путинга ишониб бўлмаслигидан огоҳлантирган эди. Трампга ишониш мумкинми?
— Албатта. Ҳозирги босқичда ишониш мумкин. Фақат Трампнинг услубини ҳисобга олиш керак: у доимо ахборот тажовузига мойил ва мақсадларига қисқа муддат ичида эришишни хоҳлайди. Шунингдек, унинг ўта прагматик ёндашувини ҳам тушуниш лозим. Трамп АҚШ учун энг фойдали иқтисодий позицияларни қўлга киритишга интилмоқда. У бу услубни ким билан мулоқот қилишидан қатъи назар қўллайди — у хоҳ иттифоқчи бўлсин, хоҳ рақиб. Сиз ё буни ҳисобга оласиз ва у билан самарали музокаралар олиб борасиз, ёки унга ҳамма нарсани топширасиз. Кимдир музокараларда қатъийроқ позицияни эгаллайди, кимдир юмшоқроқ. Трамп эса максимал даражада қатъий ҳаракат қилади.
— Сўнгги вақтларда у бир неча бор Россия пропагандаси тезисларини такрорлади ва Киевни шантаж қилди. Сизнингча, Трамп нега бундай қилмоқда? Агар у ҳаммага шундай муносабатда бўлса, нима учун Путинни эмас, айнан Зеленскийни «диктатор» деб атади?
— Ар-Риёдда [АҚШ ва Россия музокараларида] кўрганларимиз — бу Россияни яккаланишдан чиқаришга уриниш бўлди, лекин ўз шартларига кўра. Трамп Америка сиёсий элитасидаги аксилроссия кайфиятини пасайтиришга ҳаракат қилмоқда. Охирги уч йил ичида бу кайфият энг юқори чўққига чиқди — гарчи бунга тўла асос бўлса ҳам. У энди очиқчасига Россиядан иқтисодий фойда олишга қизиқиш билдирмоқда. Шу тариқа, у Путинни «тузоққа тушириб», Россиядан энг юқори иқтисодий самара олишни кўзламоқда. У ягона қизиқиши АҚШнинг манфаатлари — молиявий даромад, бозорларга кириш имконияти ёки ресурсларни арзон олиш эканини очиқча кўрсатмоқда. Бундай стратегия умуман олганда муваффақиятли бўладими-йўқми, аниқ айта олмайман. Лекин ҳозирча Трамп бу босим орқали керакли натижаларга эришмоқда.
Мен Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас хонимнинг фикрига қўшиламан. У сўнгги кунларда АҚШ риторикасида Россиянинг маълум позициялари акс этаётгани сезилаётганини айтди. Бу айнан мен айтиб ўтган омиллар билан изоҳланади.
— Нега АҚШ БМТ Бош Ассамблеясида ўзини бундай тутмоқда?
— БМТ Бош Ассамблеясида ҳам худди шундай вазият. Аммо менимча, биз бунга ҳаддан ташқари катта эътибор қаратмоқдамиз, чунки бу [БМТ] резолюциялари амалда жиддий таъсир кучига эга эмас. Лекин шунга қарамай, Бош Ассамблея ҳам Украина ва Европа томонидан таклиф қилинган резолюцияни қабул қилди, унда Россия мутлақ агрессор деб белгиланган, ҳам АҚШнинг резолюциясини қўллаб-қувватлади, унда Россиянинг мақоми анча ноаниқ акс эттирилган. Ҳамма тарафларга ёқадиган қарор чиқаришди ва шу билан ҳамма мамнун — бу БМТдаги ҳозирги вазиятнинг энг аниқ тавсифи. У ҳатто ўзаро зид бўлган резолюцияларни ҳам қўллаб-қувватлайди. Бу механизмда таъсирчанлик йўқ.
Россия эса, Путин ҳамда Тўғридан тўғри инвестициялар фонди раҳбари Дмитриевнинг сўзлари орқали, Америка компанияларига, жумладан, нефт соҳасига тўғридан тўғри молиявий компенсация беришга тайёрлигини очиқ айтиб келмоқда. Россия АҚШга у ёки бу табиий ресурсларни қазиб олишда иштирок этиш имкониятини беришга тайёр.
Трампнинг мантиқий позициясига кўра, у рационал тарзда ҳаракат қилмоқда. Бу юмшоқ эмас, балки максимал даражада қаттиқ куч ишлатиш стратегияси бўлиб, у АҚШга тўғридан тўғри молиявий даромад олиш имкониятини ошириш учун хизмат қилади. Бир муддатдан кейин эса улар олдида янада муҳим масалалар пайдо бўлади. Масалан, улар Россия билан ҳамкорлик қилиб пул ишлашлари мумкин, аммо тарихий нуқтайи назардан ўз обрў-эътиборларини йўқотишлари мумкин. Бундай вазиятда улар қандай йўл тутади?
Бу энди эҳтимол, Трамп маъмуриятининг ички муҳокамаси бўлади — қайси манфаат қанча туриши, Россия билан тўғридан тўғри фойда олиш ва шу билан бирга Европа билан иттифоқчилик муносабатларини йўқотиш, ўзаро ишончнинг камайиши ва тарихий нуфуз йўқотилиши борасидаги баҳс.
— Демак, Трампнинг баёнотлари ортида совуққон ҳисоб-китоб ётади, деб ўйлайсиз?
— Худди шундай. Европадан фарқли равишда, ҳеч қандай эмоция йўқ — бу аниқ. Мен Европанинг «уйғониши» ҳақида гапиришни истамасдим, аммо [Франция президенти Эммануэл] Макрон ва Германиянинг бўлажак канцлери Фридрих Мерцнинг Европанинг мудофаа, иқтисодиёт ва технология соҳаларида ўз мустақиллигини оширишга кўпроқ сармоя киритиш зарурлиги ҳақидаги баёнотлари Европанинг тикланаётганидан дарак беради ва бу жуда яхши.
— Трамп жамоаси вакиллари бир неча бор Украина НАТОга қўшилмаслигини айтган. Вашингтон Киев иштирокисиз Москва билан музокаралар ўтказмоқда. Украина раҳбарияти бундай музокаралардан қандай маъно кўряпти? Агар у Зеленский таклиф этган тинчлик режасига тўғри келмаса, Киев учун қандай «қизил чизиқлар» борки, улар бузилса Украина бу жараённи тарк этади?
— Трамп жамоасининг НАТО, тинчликпарвар кучлар ёки қурол етказиб бериш ҳақидаги баёнотлари ҳақида гапирадиган бўлсак, бу баёнотлар борлиги фактининг ўзиёқ мазкур масалалар муҳокама қилинаётганидан далолат беради. Сиз музокаралар столида ҳеч нарса йўқ деб айтишингиз мумкин, аммо аслида ҳаммаси стол устида: НАТОга аъзо бўлиш масаласи ҳам, хавфсизлик кафолати сифатида тинчликпарвар кучларни жалб қилиш масаласи ҳам.
Музокара жараёнини Украина ва Европа каби субъектлар иштирокисиз ўтказишнинг иложи йўқ. Бу совет иттифоқи ва АҚШ ўртасидаги совуқ уруш доирасидаги музокаралар эмас, ўшанда ўзаро тийиб туриш механизмлари ишлаб чиқилганди. Бу эса муайян давлат ҳудудида давом этаётган қайноқ урушни тугатишга уриниш. Бу урушда яна бир муҳим субъект — Украина қуролли кучлари мавжуд. Шунингдек, уч йилдан бери Россияга қарши самарали қарши туриб келган украин жамияти ҳам бор.
Бунга қўшимча равишда, Европа Иттифоқининг Украинага кўрсатган ёрдами ҳажми, камтарроқ айтганда ҳам, АҚШнинг кўрсатган ёрдами билан қарийб тенг. 114 миллиард долларга қарши 132 миллиард доллар. Мен бунда молиявий ва ҳарбий ёрдамни қўшиб ҳисоблаяпман. Европанинг кўрсатган ёрдами кўпроқ ҳам.
Европа ушбу музокара столида бўлиши шарт, чунки у ерда фақат тинчлик ва урушни тугатиш масаласи эмас, балки урушдан кейинги тартиб ҳам муҳокама қилинади: ким нима учун жавоб беради, халқаро ҳуқуқнинг қай бир меъёрлари ишлашда давом этади, Россиянинг агрессияси учун юридик ёки молиявий оқибатлар бўладими ва ҳоказо.
Менимча, бундай кенгайтирилган форматдаги музокараларда иштирок этишни Хитой, Туркия ва араб давлатлари ҳам исташади.
— Зеленский эълон қилган тинчлик режасига буткул зид бўлса Киев бундай ушбу музокара жараёнидаги иштирокдан қандай маъно кўряпти?
— Қаранг, Москва ва Вашингтон ўртасида Ар-Риёдда бўлиб ўтган музокара жараёни, эҳтимол, АҚШ ва Россия ўртасидаги икки томонлама муносабатлар учун муҳимдир, чунки улар орасида тўпланиб қолган кўплаб зиддиятлар мавжуд. Улар бундай музокараларни ўтказиш ва ўзаро келишув нуқталарини излаш ҳуқуқига эга. Бироқ, уруш якуни Украина иштирокисиз муҳокама қилинаётган ҳар қандай музокара жараёни қабул қилинмайди, бу ҳақда президент Зеленский ҳам айтган. Биз бундай музокара натижаларини тан олмаймиз.
Президент [Зеленский] шундай дейди: музокара жараёни формуласи аниқ белгиланган — унда Украина, Европа Иттифоқи, АҚШ ва Россия иштирок этиши керак. Бошқа ҳар қандай формулалар қабул қилинмайди. Украина уруш бошланишида ҳеч қандай ултиматумни қабул қилмаган ва ҳозир ҳам қабул қилмайди.
— Демак, Вашингтон Украина манфаатларини ҳисобга олмаган ҳолда музокаралар ўтказса, Киев бундай жараённи рад этади?
— Мен бунга бироз аниқлик киритмоқчиман. Бугун Украинага ҳеч нарсани мажбурий тарзда қабул қилдириб бўлмайди. Ҳар қандай икки томонлама музокаралар суверен давлатларнинг ҳуқуқи доирасида ўтказилиши мумкин, аммо улар уруш якунланишига олиб келмайди. Биз шуни аниқ тушунишимиз керакки, Трампнинг (Украинанинг НАТОга қўшилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги) баёнотлари унинг сиёсий услубининг бир қисми. У музокара қоидаларини ўзи белгилашга ҳаракат қиляпти. Аммо қоидалар аллақачон аниқланган.
— Аммо Трампнинг Украинага босим ўтказиш имкониятлари Киевнинг Вашингтонга босимидан кўпроқ кўринади. The Economist Киев ва Вашингтон ўртасидаги табиий ресурслар бўйича келишувни «Украина рад эта олмайдиган таклиф», деб атади. AP эса уни «мустамлакачилик», дея баҳолаган. Агар бу ҳужжатда Киев учун муҳим бўлган хавфсизлик кафолатлари кўзда тутилмаса, Украина уни имзоламаслиги мумкинми?
— Аввало, таъсир воситаларини кўриб чиқамиз. Албатта, биз ҳарбий ва молиявий ёрдам борасида иттифоқчиларимизга маълум даражада боғлиқмиз. Бироқ, урушнинг дастлабки кунларида бундай ёрдам умуман йўқ эди, аммо Украина шунга қарамай, барқарор туриб бера олди.
Бугунги Украина қайта ишга туширилган ҳарбий саноатга эга, қўшинлари замонавий технологиялар билан қайта жиҳозланган. Бундан ташқари, Европа бугун ҳарбий ёрдам масаласида кўпроқ ташаббус кўрсатмоқда. Биз ҳатто Европанинг консерватив қисми — Франция, Германия, Италия каби давлатлар Киевни қўллаб-қувватлашга қай даражада қизиқиш билдираётганини кўриб турибмиз.
Шу сабабли, мен бу ерда таъсир воситалари тенг, деб айтардим. Ахборот жиҳатидан қараганда, АҚШ ҳукмрон кўринади. Аммо бу ҳам Трампнинг услубий элементи, холос.
— Аммо АҚШ Украина учун энг йирик молиявий ҳамкор ҳисобланади-ку?
— Ҳа, бу шубҳасиз. Улар ҳарбий техника етказиб бериш учун кўплаб рухсатномалар беришади, ўзлари ҳам муҳим таъминот воситаларни тақдим этишади. Лекин шу ерда бир парадокс бор: асосий ҳарбий техника етказиб бериш ишлари асосан Европадан амалга ошириляпти. Лекин, масалан, авиация ва ҳатто ҳаво ҳужумидан ҳимоя (ҲҲҲ) тизимлари бўйича АҚШ таянч элементлар ишлаб чиқаради ва бу етказиб беришлар учун АҚШнинг рухсати талаб қилинади.
Албатта, америкаликлар аскарлар учун анжомлар билан таъминлашда ҳам жуда муҳим рол ўйнайди. Чунки айрим хос аслаҳалар фақат уларда мавжуд. Ҳамда алоқа тизими, ракеталарга қарши мудофаа борасида АҚШ асосий ишлаб чиқарувчи ҳисобланади. Бироқ мен буни таъсир воситаси сифатида талқин қилмасдим. Бу барибир ҳамкорлик муносабатлари бўлиб, улар юқори сифатли музокараларни талаб қилади. Бу айниқса Трамп услубини инобатга олган ҳолда аҳамиятли.
Энди нодир ерости металллари бўйича битим ҳақида гапирадиган бўлсак, айни келишув ташаббуси аввал Украина томонидан илгари сурилганини таъкидлаш керак. Чунки қисқа муддатли урушларда харажатлар катта бўлмайди, лекин сиз уч йилдан бери уруш олиб бораётганингизда, харажатлар жуда катта бўлади, жумладан, АҚШ учун ҳам. Шунинг учун биз қоплаш механизмларини излаяпмиз. Лекин улар адолатли бўлиши керак. Яъни, АҚШ бу ресурсларга эга бўлиши мумкин, аммо бу Украина учун аниқ шартларга боғлиқ бўлиши лозим.
Украина ушбу битимга қандай шартларни киритмоқчи? Биринчидан, АҚШнинг қўшадиган инвестициялари аниқ белгилаб қўйилиши керак. Чунки биз учун ҳарбий ёрдам жуда муҳим. Биз тушунишни истаймизки, мазкур битим доирасида Украинага муайян миқдорда қурол-яроғ, муайян қийматда етказиб берилади. Айниқса, ҲҲҲ тизимлари бўйича бизга камида 20 та Patriot тизими керак бўлади, бу тахминан 32-35 миллиард доллар талаб қилади. Чунки биз ўз осмонимизни тўлиқ ҳимоя қилишни истаймиз.
Иккинчидан, бу лойиҳада даромад ва иштирок ҳиссаси аниқ белгиланиши керак. Бу барибир табиий ресурсларни қазиб олиш битими. Украина қай даражада даромад олади, бу маблағларни қандай қабул қилади, уларни бошқара оладими, ва қаерга йўналтириши мумкин — булар аниқ бўлиши шарт.
Учинчидан, Украина бу битимда Россиянинг қайта агрессиясига қарши хавфсизлик кафолатларини талаб қилади. Ҳар қандай музокара жараёнида биз ушбу масалани битимга киритиш зарурлиги ҳақида қатъий талаб қўяпмиз. Менимча, бу шартлар якуний келишувга киритилади.
— Сиз учта шартни санаб ўтдингиз. Уларсиз Киев келишувни имзолашдан бош тортадими?
— Ҳа, улар жуда муҳим. Бу Украина учун асосий шартлар бўлиб, биз бу битим нега тузилаётгани, у қандай қийматга эга экани ва келгусида қандай ишлашини аниқ тушунишимиз керак.
— Агар Вашингтон хавфсизлик кафолатларини битимга киритишдан бош тортса, Украина уни барибир имзолайдими?
— Бу ерда асосий савол: Вашингтон нега хавфсизлик кафолатларидан бош тортиши керак? Агар у қандайдир ресурс ёки активларни умумий назоратга олаётган бўлса, у уларнинг дахлсизлигини кафолатлашда ҳам манфаатдор бўлиши керак. Акс ҳолда, бу мутлақ мантиқсизлик бўлади. Ахир бу бизнес-лойиҳа.
— Axios нашри битимнинг дастлабки нусхасини эълон қилди. Унда сиз санаб ўтган учта муҳим шарт мавжуд эмасди.
— Ҳа, лекин бу битимнинг илк вариантларидан бири эди. Бу каби муҳокамалар ҳали кўп бўлади. Музокаралар ҳали давом этмоқда. Украина ўз позициясида қатъий турибди, АҚШнинг ҳам ўз нуқтайи назари бор. Лекин Украина ўз талабларини илгари суришда давом этади.
Бу принцип жиҳатидан нормал ва жуда қулай музокара формати бўлиб, биз бу ерда ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳақида гапиряпмиз. Шундай экан, якуний ҳужжат тайёр бўлсин, шундан кейин унинг мазмуни ҳақида фикр алмашамиз.
— Володимир Зеленский яқинда президентлик лавозимидан кетишга тайёрлигини айтди. У буни тинчлик келишуви ёки Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши эвазига амалга оширишини таъкидлади. Демак, 2025 йил охиригача Украинада сайловлар ўтиши мумкинми?
— Президент агар Украинанинг тинчликка эришиши ва НАТОга аъзо бўлиши учун бундай қадам зарур бўлса, у бунга тайёрлигини айтиб ўтди. Лекин аслида бу каби «алмашув» таклиф қилиниши эҳтимоли жуда кам.
Энди сайловларга келсак, бу мутлақо ғалати мунозара. Уруш ҳолатида бўлган бирорта мамлакатда сайловлар ўтказилганини кўрсатадиган тарихий мисол йўқ. Мен бу мантиқни тушунмаяпман: сайловлар агрессияси фактига қандай таъсир кўрсатади? Ахир Украина агрессор эмас-ку?! Унга қарши уруш очиш қарори Путин томонидан қабул қилинган.
Албатта, ҳарбий ҳолат бекор қилингач, олти ой ичида президентлик ва парламент сайловлари ўтказилиши керак бўлади. Ҳозир эса жамиятда сайловлар имконсизлиги бўйича консенсус мавжуд. Сайлов участкалари хавфсизлигини таъминлашнинг иложи йўқ. Фронтда жанг қилаётган ҳарбийлар на сайловда иштирок эта олади, на номзод сифатида кўрсатилиши мумкин. Бундан ташқари, 6 миллиондан ортиқ украиналик мамлакатни тарк этган. Улар учун овоз бериш жараёнини қандай ташкил қилиш мумкин? Сайлов жараёнини тўлиқ қонуний, адолатли ва шаффоф ўтказиш имконсиз. Ҳамма тушуниб турибди, токи уруш якунланмас экан, сайловлар мутлақо мантиқсиздир.
Шу билан бирга, мен Россиянинг бу борадаги мантиғини ҳам тушунаман. Путиннинг Гуржистонда бундай тажрибаси бор. 2008 йилдаги урушдан сўнг у ерда тезда сайловлар ташкил этилди. Бир муддат ўтгач, [Михаил] Саакашвили сиёсий жиҳатдан заифлаштирилди. У сайловларда мағлуб бўлди ва ҳокимият [Бидзина] Иванишвилининг «Гуржистон орзуси» партияси қўлига ўтди. Натижада, Гуржистон ҳозир тўлиқ Россияга мойил ҳокимиятга эга. Путин шу усулни Украинада ҳам қўллаш мумкин, деб ўйлаяпти. Лекин бу Украинани умуман билмаслик оқибати. Албатта, бундай сценарийни бизда амалга ошириб бўлмайди, лекин у барибир уриниб кўрмоқчи.
Бундан ташқари, Россия кичикроқ инвестиция орқали сайловлар арафасида, музлатилган, аслида давом этаётган уруш шароитида Украина ичида кескинликни осонгина кучайтириш мумкин, деб ҳисоблайди. Улар фронт чизиғига босимни ошириш билан бирга, «агар россияпараст номзодлар сайланса, тинчлик келишувига эришамиз», деган пропагандани тарқатмоқчи. Хуллас, Украинада президентлик ва парламент сайловларини ўтказиш — бу фақат Путин учун технологик манфаат, бундан ортиғи эмас.
— Бу шартни фақат Россия эмас, Трамп ҳам бир неча бор талаб қилди.
— Ҳа, лекин мен яна такрорлайман: улар Россия билан мулоқот қилишга тайёрлигини кўрсатиш учун оҳангни юмшатишмоқда. Украинага оид муайян тезисларни такрорлашмоқда ва бу ҳам шулардан бири.
— Зеленский Россиянинг янги ҳужумининг олдини олиш учун 200 минг тинчликпарвар аскар кераклигини айтганди. Америка эса Украинада тинчликпарвар миссия учун ўз ҳарбийларини юбориш ниятида эмас. Ҳозирча Британия ва Франциядан 30 мингга яқин тинчликпарвар аскарлар ҳақида гап кетмоқда. Лекин бу етарли эмас-ку?
— Тинчликпарвар кучларни жойлаштириш Европа етакчилари даражасида муҳокама қилинишининг ўзиёқ катта аҳамиятга эга. Кечагина Европа қўшинлари Украина ҳудудида бўлиши мумкинлигини тасаввур қилиб бўлмасди.
Хавфсизлик кафолатлари бир неча элементга таянади. Уларнинг бири — тинчликпарвар контингентлар. Лекин улар бошқа чора-тадбирларсиз ўз-ўзидан ишламайди.
Бошқа чора-тадбирлар нималардан иборат? Бу, авваламбор, Украинада ҳарбий саноатни қайта форматлаш, ракеталар ва дронлар ишлаб чиқаришни кескин ошириш, армияни модернизация қилиш ва уни кенгайтиришни ўз ичига олади. Кенг кўламли босқин бошланишидан аввал, Украина армияси 220-250 минг аскарга эга эди. Ҳозир эса барча хавф-хатарларни тушуниб турибмиз ва армия анча катта бўлиши керак. Армияни таъминлаш, унинг ўқув машғулотлари ҳам хавфсизлик кафолатларининг бир қисми. Ёпиқ осмон тизимини қуриш, уларни маълум бир ракеталар билан таъминлаш ҳам шунга киради.
Бу комплекс чоралар доирасида халқаро тинчликпарвар кучларни жойлаштириш масаласи муҳокама қилинмоқда. Бу миссияда Америка ҳарбийлари қатнашадими-йўқми, бу ҳали мунозарали масала.
Албатта, фронт чизиғи бўйлаб тинчликпарвар кучларни жойлаштириш учун тахминан 150-200 минг аскар талаб этилади. Ҳозирча европаликлар 35-40 минг аскар юборишга тайёрлигини билдиришмоқда. Улар асосан муҳим инфратузилма объектларини ҳимоя қилиш билан шуғулланади. Лекин бу ҳозир айрим давлатлар қатнашишга тайёр бўлган реалистик сценарийдир. Франция, Британия, Швеция каби давлатлар бу масалада ташаббус кўрсатмоқда. Бунинг ўзи умумий хавфсизлик кафолати тизими учун муҳим элемент бўлиши мумкин. Ҳали мулоқот давом этмоқда ва хавфсизлик кафолатларига оид бир неча вариант музокара столига қўйилган.
Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши варианти ҳам йўқолиб кетгани йўқ. Шунингдек, душманни тийиб турувчи замонавий қуролларни жойлаштириш каби кам эҳтимолли вариантлар ҳам хавфсизлик кафолати сифатида кўрилиши мумкин. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар