
Сурия пойтахти Дамашқда ҳокимиятдан ағдарилган етакчи Башар Асаднинг укаси Моҳир Асаднинг ёзги қароргоҳи остидан сейфлар ва зирҳли хоналар жойлашган туннеллар топилди, деб хабар берди Anadolu.
Моҳир Асад Сурия армиясининг элита бўлинмаси бўлган 4-зирҳли дивизия қўмондони эди. Унинг ёзги қароргоҳи Дамашқ-Байрут автомагистрали яқинида, пойтахтга қараган тепаликда жойлашган. Уч қаватли бино баланд деворлар билан ўралган ва кенг ҳовлида вертолёт майдончаси бор.
Турар жойнинг биринчи қаватида автотураргоҳ ва конференция зали, ертўлада эса туннеллар тармоғига олиб борадиган зирҳли эшик бор.

Эшикни очиб, 22 та зинапоядан пастга тушилса, дам олиш хонасига кириш мумкин. Яна 130 та зинапоядан тушгандан сўнг туннеллар тармоғига кириш мумкин. Эътиборлиси, электр симлари, вентиляция, ётоқ хоналари, ошхона ва ҳаммом билан жиҳозланган туннеллар зирҳли эшиклар билан ҳимояланган. Асосий туннелдаги баъзи хоналарда бўш сейфлар ва ҳашаматли соатлар қўйиладиган жавонлар топилган. Туннелларда ҳали очилмаган иккита зирҳли эшик бор, унинг ортида нима борлиги ҳали номаълум.
Тахминан 3 километр узунликдаги туннелларнинг бир тармоғи ағдарилган тузум армиясининг 4-зирҳли дивизияси умумий штабига олиб боради. Сурия-Ливан автомагистрали йўналишида туннелларга транспорт воситаларининг кириш жойи ҳам кўринади.
Қароргоҳдаги қўриқчилардан бири Файз Муҳаммад сўзларига кўра, Моҳир Асад қароргоҳдан офис ва дам олиш маскани сифатида фойдаланган.
Фото: Anadolu Agency “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар