
Замонавий дунёда интернет ва сунъий йўлдош технологиялари ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Бироқ, яқинда Массачусетс технология институти (MIT) олимлари томонидан ўтказилган тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, иқлим ўзгариши ва иссиқхона газлари сунъий йўлдош алоқасига жиддий таъсир ўтказиши мумкин.
Муаммо нимада?
Иссиқхона газлари чиқиндилари – карбонат ангидрид (CO₂), метан (CH₄) ва бошқа газлар атмосферанинг юқори қатламларини совитиб, термосфера зичлигининг пасайишига олиб келади. Бу эса ҳаво қаршилигининг камайишига ва космик чиқиндилар орбитада узоқроқ қолишига сабаб бўлади.
Бугунги кунда 160 км - 2000 км баландликда 10 000 дан ортиқ сунъий йўлдошлар интернет, навигация ва ҳаво мониторинги хизматларини таъминлайди. Улар Ерга маълумот жўнатишда тоза ва хавфсиз орбитал муҳитга муҳтож. Бироқ, термосферанинг зичлиги пасайганда, орбитадаги чиқиндилар тозаланиш жараёни секинлашади, бу эса йўлдошлар учун хавфли муҳит яратиши мумкин.
Қандай хавфлар пайдо бўлади?
1. Йўлдошлар орбитасининг ўзгариши
Олимлар NASAнинг “Аура” сунъий йўлдоши билан боғлиқ ҳолатни таҳлил қилишди. Унинг траекторияси иссиқхона газларининг таъсири остида беқарорлашган. Демак, келажакда бундай йўлдошлар тўғри ишлаш имкониятига эга бўлмай қолиши мумкин.
2. Йўлдошлар тўқнашув эҳтимолининг орташи
Орбитадаги космик чиқиндиларни ҳаво қаршилиги туфайли табиий равишда камайиши керак. Агар бу жараён сустлашса, чиқиндилар сони ошиб, йўлдошлар бир-бирига урилиши мумкин. Бу эса алоқа ва интернет тизимлари учун катта хавф туғдиради.
3. Интернет сифатининг пасайиши
Интернет алоқаси сунъий йўлдошлардан узатиладиган сигналга боғлиқ. Агар космик муҳит кескин ўзгарса, бу интернет тезлиги ва сифатининг пасайишига олиб келиши мумкин. Айниқса, ноқулай об-ҳаво шароитларида сигнал кучсизланади, бу эса чекка ҳудудларда интернетга уланишда қийинчилик туғдиради.
Келажакда қандай хавфлар кутилмоқда?
Ҳисоб-китобларга кўра, иссиқхона газлари ҳар 10 йилда 400 км баландликда атмосфера зичлигини 2% га камайтирмоқда. Агар бу жараён давом этса, 2100 йилга бориб 200 км - 1000 км баландликда ишлашга мос сунъий йўлдошлар 50-66% га қисқариши мумкин.
Бу эса “тўхтатиб бўлмайдиган беқарорлик” ҳолатига олиб келиши мумкин. Яъни, чиқиндиларнинг занжирли реакцияси бошланиб, айрим орбитал ҳудудлар фойдаланишга яроқсиз ҳолга келиши мумкин.
Нима қилиш керак?
Бу муаммоларни ҳал қилиш учун олимлар қуйидаги чораларни тавсия қилмоқда:
- Иссиқхона газлари чиқиндиларини назорат қилиш – бу иқлим ўзгаришининг олдини олишга ва атмосферанинг юқори қатламларидаги мувозанатни сақлашга ёрдам беради.
- Космик чиқиндилар мониторинги – орбитадаги чиқиндиларни кузатиш ва уларни камайтириш усулларини такомиллаштириш.
- Сунъий йўлдошларнинг янги технологиялар асосида ишлаб чиқилиши – уларни хавфли шароитларга мослаштириш, юқори аниқликда ҳаракатланиш тизимларини жорий этиш.
Иссиқхона газлари нафақат Ер иқлимига, балки коинотдаги сунъий йўлдошларга ҳам таъсир кўрсатмоқда. Агар бу муаммога жиддий ёндашилмаса, келажакда интернет алоқаси, навигация тизимлари ва ҳаво мониторинги тизимларининг сифатини жиддий равишда йўқотиш хавфи бор.
Технологик тараққиёт ва экологик мувозанатни сақлаш бу борадаги энг муҳим вазифалардан бири бўлиши керак. Агар ҳозирданоқ чора кўрилмаса, 100 йилдан кейин интернетдан фойдаланиш имконияти чекланган бўлиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар