
Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг собиқ раиси ва мамлакатнинг собиқ бош вазири Карим Масимовга тегишли бўлган Остонадаги ҳашаматли уй ижтимоий эҳтиёжлар учун мусодара қилинди. Бу ҳақда Қозоғистонга қайтарилган активларни бошқарув компанияси расман маълум қилди.
Маълум қилинишича, Остона шаҳар маъмурияти мазкур мулкни ижтимоий мақсадларда ишлатиш учун расмий мурожаат билан чиқди. Бошқарув компанияси мурожаатнинг аҳамиятини ва амалдаги қонунчилик талабларини ҳисобга олган ҳолда, ушбу кўчмас мулкни электрон аукцион савдосидан чиқарганини эълон қилди. Энди мазкур объект шаҳар аҳолисининг ижтимоий эҳтиёжларини қондириш учун хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, Масимовнинг ушбу кўчмас мулки аввал ҳам бир неча бор кимошди савдосига қўйилган, бироқ харидор топилмаган эди. Аввалига унинг уйи 1,8 миллиард тенгега баҳоланган бўлса, охирги марта бу кўрсаткич 1,6 миллиард тенгегача пасайтирилганди. Бироқ, ушбу миқдорда ҳам харидор чиқмаганидан сўнг давлат мулкни ижтимоий эҳтиёжлар учун ўзида қолдиришга қарор қилди.
Карим Масимов 2023 йил апрель ойида давлатга хиёнат ва бошқа жиноятларда айбдор деб топилган ва унга 18 йиллик қамоқ жазоси тайинланган эди. Шунингдек, унинг барча мол-мулки мусодара қилиниб, давлат хизматида ишлаш ҳуқуқидан умрбод маҳрум этилган.
Масимов 1965 йилда туғилган, генерал-лейтенант унвонига эга бўлиб, 2007-2012 ва 2014-2016 йилларда Қозоғистон бош вазири, 2012-2014 йилларда эса президент администрациясининг раҳбари лавозимларида ишлаган. 2016 йилдан бошлаб эса у Миллий хавфсизлик қўмитасига раҳбарлик қилиб келган.
У 2022 йилнинг январ ойида Қозоғистонда содир бўлган оммавий тартибсизликлар сабабли қўлга олинган ва унинг уйидан 17,2 миллион АҚШ доллари нақд пул, кўплаб тилла буюмлари, қимматбаҳо соатлар ва бошқа қимматли ашёлар олиб қўйилгани ҳақида хабар берилган эди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар