
Bloomberg агентлигига кўра, АҚШ президенти Дональд Трамп ўзининг сайловолди кампанияси давомида берган катта ваъдалардан бири — Россия, Хитой ва Эрон билан тезкор келишувларга эришиш мақсадида бошлаган музокараларида муваффақиятсизликка учрамоқда. Унинг дипломатик ҳаракатлари ҳозирча бу давлатлар томонидан рад жавоби билан тўқнаш келмоқда.
Москва ва Пекин — “қийин ҳамкорлар”
Сўнгги кунларда Трамп Россия президенти Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан бўлиб ўтган суҳбатлар ҳақида фикр билдирган. У Путин билан 4 июнь куни ўтказилган мулоқотни “яхши, аммо тез тинчликка олиб келмайди”, деб таърифлади. Шунингдек, Си Цзиньпинни музокара юритиш учун “жуда мураккаб шахс” деб атади.
Эрон билан ядровий келишув музокаралари ҳам мураккаб кечмоқда. Трампнинг таъкидлашича, Вашингтон ҳеч қачон Теҳроннинг ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўймайди. Унинг фикрича, Эрон энергия эҳтиёжларини тинч мақсадларда қондириш учун бунчалик даражада ривожланган ядровий дастурга эҳтиёж сезмайди.
Эрон томони эса ўз шартларида қатъий қолмоқда. Улар уранни юқори даражада бойитишдан воз кечиш ниятида эмас, аммо агар АҚШ иқтисодий санкцияларни бекор қилса, ҳеч қачон ядровий қурол ишлаб чиқармаслигини ва захираларни йўқ қилишга тайёрлигини билдиришган.
АҚШнинг душманлари – таҳдидга тайёр, дўстлари эса эҳтиёткор
Кори Шейк, Америка тадбиркорлик институти таҳлилчиси, бундай вазиятни шундай изоҳлайди:
“АҚШ президентлари босим ўтказиши мумкин бўлган давлатлар — Америка дўстлари, чунки улар муносабатларни бузишни хоҳламайди. Лекин душман давлатлар бу хавфни ўз зиммасига олишдан чўчимайди.”
Жереми Шапиро, Европа халқаро алоқалар кенгашининг АҚШ дастури раҳбари эса қўшимча қилади:
“Трамп автократик етакчилар билан муносабатни яхши сақлашга ҳаракат қилади. Уларга таҳдид қилишга унчалик интилмайди, уларни кўпроқ ҳурмат қилади. Шу сабаб, музокараларда тенгсиз ва Трампга фойда келтирмайдиган битимлардан эҳтиёт бўлади.”
Хитой билан савдо урушининг сояси яна қайтмоқда
Трамп маъмурияти ҳокимиятга келганидан сўнг, АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатларда кескин совуқлик кузатилган эди. Вашингтон Хитой товарларига тарифларни 145 фоизгача оширган, Пекин эса 125 фоиз миқдорида жавоб чораларини жорий қилган эди.
Май ойида Женевадаги музокаралар вақтида тарафлар тарифларни вақтинчалик камайтириш бўйича келишувга эришганди. Аммо шундан сўнг Пекин Вашингтонни келишувни бузганликда айблаб, ўз манфаатларини ҳимоя қилишни ваъда қилди.
Украина бўйича музокаралар — кутилган натижалардан йироқ
Украинадаги ҳарбий можарони ҳал қилиш — Трампнинг сайловолди баёнотларидан бири бўлган. Бироқ, у айни дамда бу мақсадга ета олмаяпти. АҚШ бу жараёнда фаоллик кўрсатмаётгани кузатилмоқда — Истанбулдаги сўнгги Россия–Украина музокараларида Америка вакиллари умуман иштирок этмаган.
ОАВ хабарига кўра, Трамп музокаралардан тобора узоқлашмоқда ва бу жараёндан кўнгли қолган.
Дональд Трампнинг "бошқача дипломатия" услуби — автократик етакчилар билан яқин муносабат ўрнатиш ва тажовузкор босим ўрнига, "ҳурматга асосланган мулоқот" стратегияси — бу сафар ҳам унча самара бермаётгандек. Қарши томонлар унинг сиёсий миқёсдаги босимини рад этмоқда.
Сайловолди ваъдалар ва ҳозирги реал вазият ўртасидаги фарқ эса, унинг ташқи сиёсатдаги самарадорлиги ҳақида жиддий саволларни келтириб чиқармоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар