
Эрон ва Исроил ўртасида «қизил чизиқлар» қолмади. Ҳар икки томон бир-бирига тинимсиз зарбалар беряпти. Яқин Шарқ сўнги 20 йилликдаги энг йирик минтақавий ҳарбий можаро ёқасига келиб қолди. Уруш кенг кўламда давом этиши мумкинми?
Исроил 13 июнга ўтар кечаси Эрон бўйлаб зарба беришни бошлади. Ҳаво ҳужумлари нишонлари уранни бойитиш бўйича корхоналар, ракета базалари, шунингдек Ислом инқилоби муҳофизлари раҳбарияти ҳамда ядро соҳасидаги олимлар бўлди. Хусусан, ҳужум натижасида олти нафар олим ва камида 20 нафар эронлик юқори мартабали қўмондон ҳалок бўлган. Бунга жавобан Эрон ҳам Исроил йўналишида юзлаб баллистик ракеталар учирди ва бир қатор ҳудудларга зарбалар берди. Айни пайтда икки томонлама жуда совуқ муносабатлар кенг кўламли урушга ҳам айланиб кетиш хавфи мавжуд. Хўш, Эрон ва Исроил ўртасидаги низо сабаби нимада ва у қандай юзага келган?
Эрондаги сиёсий режимнинг ўзгариши. Эрон 1950 йил 6 мартда мусулмон давлатлари ичида Туркиядан кейин иккинчи бўлиб Исроилни мустақил давлат сифатида тан олганди. Шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавий даврида Эрон учун Исроил АҚШ билан муносабатларда воситачи давлат сифатида кўрилган. 1948 йилдан 1979 йил – ислом инқилобига қадар Эрон ва Исроил нафақат яқин ҳамкор, балки иттифоқчи бўлиб, иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан ҳамкорлик қилган. Хусусан, 1967 йилги «Олти кунлик уруш»дан сўнг бир қатор араб мамлакатлари Исроилга қарши нефть эмбаргоси жорий этганида Исроилга нефть етказиб берган ягона давлат Эрон бўлади.
Шунингдек, расмий Теҳрон Исроил товарлари ва хизматларининг асосий импортчиларидан бири эди. Аммо ўтган асрнинг 70 йилларига келиб минтақада сиёсий вазият ўзгара бошлайди. Ҳар икки томон учун ҳам асосий душман сифатида кўрилган Миср президенти Жамол Абдул Носирнинг ўлимидан кейин Эрон ва Миср ўртасидаги муносабатлар яхшиланади. 1975 йилда Эрон-Ироқ келишуви имзоланади ва Теҳрон курд айирмачиларига ёрдам беришни тўхтатди. Мазкур икки воқеа Исроилнинг Эрон учун стратегик аҳамиятини пасайтиради. Айни шу даврда Эронда диний кучлар таъсири ортиб бораётган эди.
1979 йилги инқилобдан сўнг вазият кескин ўзгарди. Теҳроннинг янги теократик ҳукмдорлари Исроилнинг қонунийлигини тан олмади. Эрон Исроилни Ғарбнинг минтақадаги иттифоқчиси сифатида кўрди ва унга душман сифатида қараш бошланди. Шунга қарамай, Исроил ва Эрон ўртасидаги чекланган ҳамкорлик 1980 йилларда ҳам давом этди. Фақат 2000 йилларга келиб икки томонлама муносабатларда кескинлик ниҳоятда кучайди. Эроннинг собиқ президенти Маҳмуд Аҳмадинажод 2005 йилда «сионистик режим Ер юзидан йўқ қилиниши керак» дея таъкидлаб, ахборот бомбасини портлатди. Расмий Теҳрон Фаластиндаги мусулмонларни қўллаб-қувватлаб, Исроилнинг уларга нисбатан олиб бораётган сиёсатига кескин муносабатда бўлиб келади. Эрон айнан АҚШ ва Исроилни ўзининг энг биринчи даражали душмани деб билади.
Эроннинг ядро дастури. 2000 йиллардан бошлаб фаол равишда амалга ошириб келинаётган Эроннинг ядро дастури тинчликпарвар эканига Исроил ишонмайди. Аксинча, у Эрон махфий равишда ядро қуроллари ишлаб чиқариш бўйича иш олиб бораётгани ва уни баллистик ракеталарга айлантиришига бўлган ишончини таъкидлаб келади. Ушбу ёндашувга мувофиқ, Исроил анчадан буён Эрон ядро дастурини тўхтатиш учун яширин, бир томонлама ҳаракатларни амалга оширади. Хусусан, 2020 йил ноябрида Эроннинг етакчи ядрошунос олими, мамлакат ядро дастури меъморларидан бири бўлган Муҳсин Фахризода ўлдирилиши ҳам бунга мисол бўла олади.
2015 йилда Эрон кўп миллатли ядровий битимни имзолайди, аммо 2018 йилда Доналд Трамп АҚШни ушбу шартномадан чиқариб олди ва Эронга қарши санкциялар қўллайди. Бу Эроннинг мағлубияти ва Исроилнинг ғалабаси сифатида кўрила бошланди. Эрон эса бунга жавобан рухсат этилган меъёрдан кўра кўпроқ уранни бойитишга киришади.
Прокси урушлар. Ҳар икки томон бир-бирига қарши турли ҳарбий ҳаракатларни амалга оширган. Ушбу ҳаракатлар минтақавий барқарорликка таҳдид қилади ва давлатлар ўртасидаги зиддиятларни янада чуқурлаштиради. Эрон Яқин Шарқ бўйлаб бир нечта гуруҳдан иборат кучли коалиция шакллантирган. «Ҳизбуллоҳ», ҲАМАС, Ироқдаги Ҳашд аш-Шааби ва Яман ҳусийчиларини ўз ичига олувчи иттифоқчилар тармоғини молиявий ва ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди. Йиллар давомида ушбу гуруҳлар ва Исроил ўртасида турли тўқнашувлар содир бўлиб келди.
Уруш кенг кўламда давом этиши мумкинми?
Исроил ва Эрон бир-бирининг ҳудудига жиддий зарбалар бераётганига қарамай, ҳозирча кенг кўламли тўқнашув бошланмади. Бироқ давлатлар ўртасидаги катта уруш хавфи жуда юқори даражага етган.
Al Arabiya ва Фарс агентликларининг хабар беришича, Теҳрон Исроилга бўлажак зарбалар билан чекланмоқчи эмас. Эрон ҳатто АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий базаларини ҳам нишонга олишни режалаштиряпти. Исроил томони ҳам яқин кунлар ичида қайта ҳужум бошлаши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар ОАВ орқали сиздириляпти. Шундан келиб чиқадиган бўлса, Яқин Шарқдаги сўнгги 20 йил ичидаги энг катта минтақавий урушнинг бошланишига гувоҳ бўлаётган бўлишимиз мумкин.
Можаронинг давом этиши бир томонда сиёсий ҳокимиятни мустаҳкамлаш иккинчи томонда заифлаштиришнинг инструменти сифатида ҳам баҳоланяпти. Уруш Бенямин Нетаняҳу учун фойдалидир, чунки у Исроилнинг ўзидаги кўплаб ички муаммоларини ёпади ва маълум даражада ҳокимиятини мустаҳкамлайди. Ўз навбатида, ракета зарбалари ва ҳужум орқали Эрондаги режимни ўзгартиришга жиддий уриниш ҳам амалга ошириляпти.
Минтақадаги можаролар динамикаси ўз мантиғига кўра яшайдиган ва ривожланадиган автоном организмни тобора кўпроқ эслатяпти. Яқин Шарқ Эрон ва Исроил ўртасидаги тўғридан тўғри тўқнашувга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ яқинлашди. Уруш ҳали бошлангани йўқ ва бу учун ҳар икки томон камида яна бир неча қадам ташлаши керак. Яъни тубсизликка қараш ва орқага қадам ташлаш учун ҳали имконият бор. Бироқ воқеалар кескинлашув йўлида ривожланяпти.
Манба: Kun.uz «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар