
Озарбайжонда 7 ойдан бери жавобсиз қолган фожеа ортидан кескин баёнот янгради. Президент Илҳом Алиев мамлакат ҳаво йўлларига тегишли АЗАЛ авиакомпанияси самолёти ҳалокати юзасидан халқаро судларга мурожаат қилиш ниятида эканини маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, расмий Боку ҳодисани ҳақиқатга яқин тарзда ўрганиб чиққан ва барча далил-исботларни тўплаган. Аммо Россия томонидан жавоб йўқ. «Биз нима содир бўлганини яхши биламиз ва буни исботлашга ҳам тайёрмиз. Афсуски, Россия 7 ойдан бери нима учун сукут сақлаётганини тушуниш қийин», – деди Алиев.
Президентнинг сўзларига кўра, фақатгина ҳақиқатни ёритиш билан чекланилмайди. Озарбайжон томонидан аниқ талаблар қўйилмоқда:
– ҳалокатга сабабчи бўлган шахсларни жазолаш;
– қурбонлар оиласига товон тўлаш;
– АЗАЛ авиакомпаниясига етказилган моддий зарарни қоплаш.
Илҳом Алиев Россия расмийлари воқеадан хабардорлигини таъкидлар экан, қўшни давлатнинг позициясига танқидий баҳо берди. “Агар вазият тескариси бўлганида, биз аллақачон ўз сўзимизни айтган ва зарур чораларни кўрган бўлар эдик. Аммо бундай вазиятда сукут ва беэътиборлик нотўғри, ҳатто таҳдидли ҳисобланади”, – деди у.
Президент шунингдек, Озарбайжон барча халқаро ҳуқуқий механизмлардан фойдаланишга тайёр эканини, қанча вақт керак бўлса ҳам, адолат тикланиши учун интизом билан кутилишини таъкидлади.
Бу орада Озарбайжон жамоатчилиги ва сиёсий доиралар ушбу масалада чуқур ташвишга тушмоқда. Фуқаролар адолат қарор топишини, ҳалок бўлганларнинг хотираси ҳурмат билан эътироф этилишини талаб қилмоқда.
Алиевнинг баёноти, нафақат минтақавий, балки халқаро миқёсда ҳам жиддий муҳокамаларга сабаб бўлиши кутилмоқда. Чунки бу фожеа ортида қандай сиёсий муаммолар ётгани, қандай фактлар яширилгани ва нега жавобгарликни ўз зиммасига олишдан қочаётган томон борлиги каби саволлар очиқ қолмоқда.
Бу воқеа, эҳтимол, Россия ва Озарбайжон муносабатларида янги мураккаб босқични бошлаб бериши мумкин. Илҳом Алиев эса ўзининг қатъий позицияси орқали шунчаки баёнот эмас, балки сўз ортида амалий ҳаракат бўлиши мумкинлигини англатди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар