“Агар туғилиш кўпаймаса ва аҳоли сони тикланмаса, Европа бир неча йил ичида заифлашиб, йўқ бўлиб кетиши мумкин”. Бу ҳақда дунёга машҳур америкалик миллиардер ва инновацион тадбиркор Илон Маск "Х" ижтимоий тармоғида ўз фикрларини билдириб ёзди.
Тадбиркорнинг фикри Шотландиядаги туғилганлар ва вафот этганлар сони ҳақидаги статистик маълумотларни келтирган америкалик сенатор Майк Лининг хабарига жавоб сифатида билдирилди. Сенаторнинг маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь- июль ойлари оралиғида мамлакатда 26,3 минг киши дунёга келган, шу билан бирга вафот этганлар сони эса 35,2 минг кишини ташкил қилган.
Илон Маск ўз постида шундай ёзди: "Агар туғилиш даражаси ҳеч бўлмаганда аҳоли сонини янгилаш даражасига қайтмаса, Европа йўқ бўлиб кетади." Унинг бу сўзлари аҳоли муаммоси ва ижтимоий тенденцияларнинг қанчалик жиддий эканлигини кўрсатади.
Франция Миллий Статистика Институти (INSEE) ҳисоботларига таяниб, Franceinfo телеканали 23 июль куни Францияда йилига вафот этганлар сони биринчи марта 1945 йилдан бери туғилганлар сонидан юқори бўлгани ҳақида хабар берди. Бу маълумот Европа аҳолиси орасида туғилиш камайиши ва демографик пасайишнинг илк аниқ кўрсаткичи сифатида қаралади.
Хабарга кўра, INSEE вакиллари салбий динамика 2035 йилгача давом этиши мумкинлигини режалаштирган. Демографик таҳлилчилар Европа давлатлари туғилишни рағбатлантирувчи дастурлар ва ижтимоий сиёсатларга алоҳида эътибор бериши лозимлигини таъкидлашмоқда. Маскнинг фикри ҳам айнан шу тенденцияга ишора қилади: туғилишлар тикланмаса, қитъада соғлом ва барқарор жамиятни сақлаш қийин бўлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!