Сингапур яна бир бор дунё миқёсида хавфсизлик жиҳатидан етакчи давлат сифатида эътироф этилди. “Синьхуа” агентлиги тарқатган маълумотга кўра, мамлакат 2006 йилдан буён 12-марта Гэллап институтининг Глобал хавфсизлик ҳисоботида биринчи ўринни қўлга киритди.
Ҳисоботда қайд этилишича, 2024 йилда сингапурликларнинг 98 фоизи кечки пайт ёки тунда ёлғиз кўчада юрганда ўзини мутлақо хавфсиз ҳис қилган. Бу эса дунё бўйича энг юқори кўрсаткичлардан бири сифатида қайд этилди. Шундан кўриниб турибдики, Сингапур узоқ йиллар давомида хавфсизлик даражасини юқори босқичда сақлаб келаётган.
Сўров натижалари шуни кўрсатдики, хавфсизлик ҳисси жинслар ўртасида деярли фарқ қилмаган. 2024 йилда эркакларнинг 98 фоизи ўзини хавфсиз деб ҳисоблаган бўлса, аёлларнинг ҳам 97 фоизи шу фикрни билдирган. Бу кўрсаткич мамлакатдаги хавфсизлик ва жамоат тартибининг барқарор эканини янада ойдинлаштиради.
Гэллап институти ҳисоботида таъкидланишича, Сингапурдаги бу юқори натижалар жиноятчилик даражасининг жуда пастлиги, ҳуқуқ-тартибот органларининг самарали фаолияти ҳамда аҳоли орасидаги жамоат тартибининг юқори маданияти билан боғлиқ. Мамлакатда хавфсизлик сиёсати нафақат давлат, балки фуқароларнинг ҳам масъулиятли муносабати орқали таъминланмоқда.
Шу тариқа, Сингапур яна бир бор дунё миқёсида энг хавфсиз давлат сифатида тан олинди ва бу мамлакатнинг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!