date

Starbucks дўконлари ёпилиши ортидаги сабаблар очиқланди

Starbucks дўконлари ёпилиши ортидаги сабаблар очиқланди

Starbucks дунёда энг йирик қаҳвахона тармоқларидан бири ҳисобланади. Аммо охирги ойларда компания молиявий қийинчиликлар ва бозордаги рақобат кучайиши сабаб жиддий чоралар кўришга мажбур бўлди. Starbucks раҳбариятининг маълум қилишича, ой охирига қадар фақатгина Шимолий Америкада 400 га яқин дўкон эшикларини ёпади. Бу жараёнда тахминан 900 нафар ходим ишсиз қолиши кутилмоқда. Шу ҳақда Bloomberg хабар берди.

Компаниянинг айтишича, ушбу йўналиш харажатларни қисқартириш ва мавжуд ресурсларни самарали тақсимлаш мақсадида амалга оширилмоқда. Starbucks раҳбарлари бу орқали мижозларнинг узоқ вақт навбатда туриб қолиши олди олиниши, энг даромадли нуқталарда эса савдо ҳажмининг ошишига умид қилишмоқда.

Феврал ойида ҳам Starbucks шундай кескин қарор қабул қилганди. Ўша вақтда компания сотувлар пасайиши ортидан АҚШда 1100 та иш ўрнини қисқартириш ва менюни соддалаштириш ҳақида эълон қилганди. Демак, фақат бир йил ичида тармоқ ўз мамлакатида жами 2 мингта иш ўрнидан воз кечишга мажбур бўлди.

Компания бош директори Брайан Никколнинг таъкидлашича, янги қисқартиришлар нафақат Америкада, балки Европада ҳам амалга оширилади. Хусусан, Британия, Швейцария ва Австриядаги айрим қаҳвахоналар фаолияти тўхтатилади. Бироқ бу фонда компания келгуси молия йилида янги савдо нуқталарини очиш режаларидан воз кечмаган. Масалан, Британиянинг ўзида 80 та, Европа, Яқин Шарқ ва Африкада эса яна 150 та қаҳвахона ишга туширилиши кутилмоқда.

Шунга қарамай, молиявий ҳисоботлардаги салбий кўрсаткичлар компания акцияларига ҳам таъсир қилди. Йил бошидан бери Starbucks қимматли қоғозлари 8 фоизга арзонлашган.

Мустақил таҳлилчилар бу ҳолатга қатор омилларни сабаб сифатида келтиришмоқда. Масалан, TD Cowen мутахассислари АҚШда тобора машҳур бўлаётган “drive-thru” – автомобилдан тушмаган ҳолда қаҳва харид қилиш имконини берувчи дўконлар Starbucks учун жиддий рақобатга айланганини таъкидламоқда.

Сўров натижаларига кўра, мижозларнинг 70 фоиздан кўпроғи нархларнинг баландлиги сабаб Starbucks қаҳвахоналарига боришни камайтирганини билдирган. Демак, тармоқ олдида фақат ички режалаштириш эмас, балки нарх сиёсати ва мижозларнинг ишончини сақлаб қолиш каби катта вазифалар турибди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Starbucks дўконлари ёпилиши ортидаги сабаблар очиқланди