Афғонистонда ҳукмрон “Толибон” ҳаракати олий таълим тизимида янги қоидаларни жорий қилди. Afghanistan International нашрининг хабар беришича, мамлакат Олий таълим вазирлиги университет ўқитувчилари ҳамда тўртинчи даражадан паст лавозимдаги маъмурий ходимлар иш вақтида смартфонлардан фойдаланишни тақиқлади.
Вазирлик ҳужжатларида қайд этилишича, смартфонлардан фойдаланиш “иш жараёнини мураккаблаштиради ва ходимларнинг эътиборини чалғитади”. Шу боис, профессор-ўқитувчилар ва коллежлардаги маъмурий ходимлар иш вақтида телефон олиб кириш ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқига эга эмас. Юқори лавозимдаги ходимлар учун эса смартфондан фойдаланишни босқичма-босқич камайтириш тавсия этилган.
“Илм аҳли ўз хизмат жойларида смартфонлардан фойдаланмаслиги керак”, — дейилади вазирликнинг расмий баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, “Толибон” илгари ҳам смартфонлардан воз кечиш масаласини муҳокама қилган. Ҳаракат етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода ўтган йили диний уламоларга “смартфонлардан диний асосда воз кечиш йўлини топиш” бўйича кўрсатма берган эди.
Сўнгги кунларда Афғонистонда интернет хизматлари чекланиши ва айрим телеканаллар фаолиятида узилишлар кузатилмоқда. “Толибон” ҳокимиятга келганидан бери таълим, ахборот технологиялари ва шахсий эркинлик соҳаларида қатъий чекловлар амалга ошириб келинмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!