Бошқанинг муваффақияти муносабатларга қандай таъсир қилади? Олимлар жавоб топди

Бошқанинг муваффақияти муносабатларга қандай таъсир қилади? Олимлар жавоб топди

Олимлар инсонлар яқинлари ёки суҳбатдошларининг муваффақияти ва муваффақиятсизлигига қандай муносабат билдиришини ўрганди. Тадқиқот Райс университети ва Bayes Business School мутахассислари томонидан ўтказилиб, унда жами 8229 нафар киши иштирок этган 9 та тадқиқот натижалари таҳлил қилинди.

Маълум бўлишича, суҳбатдоши ўзининг муваффақиятсизлиги ҳақида гапирса, одамлар ҳам ўз омадсизликлари билан бўлишишга кўпроқ мойил бўлади. Аксинча, бошқа инсон яхши янгилик ёки муваффақиятини айтганида, улар ўз ютуқларини дарҳол баҳам кўришдан кўра эҳтиёткорроқ ҳаракат қилади.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, инсонлар ўзлари ҳақида қандай таассурот қолдиришни ўйлабгина эмас, балки суҳбатдошининг ҳис-туйғуларини ранжитмаслик учун ҳам ўзлари ҳақидаги маълумотни мослаштиради.

Тадқиқотлардан бирида иштирокчиларнинг 87 фоизи ҳамкасби муваффақиятсизликка учраганини айтганидан сўнг ўзининг шундай тажрибаси билан бўлишишини билдирган. Бошқа томондан, суҳбатдоши муваффақияти ҳақида гапирганида, иштирокчиларнинг 70 фоизи ўз ютуғи билан бўлишишга тайёр бўлган.

Бу фарқ айниқса иштирокчиларга ёқадиган инсонлар билан мулоқотда яққол намоён бўлган. Суҳбатдоши муваффақиятсизликка учраганида, одамлар уни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўзларининг шунга ўхшаш тажрибаларини айтишга ҳаракат қилган. Аксинча, суҳбатдоши муваффақиятга эришганида, улар ўзларининг яхши янгиликларини юмшатиб етказган, кейинроқ айтган ёки умуман сир сақлаган.

Якуний онлайн тажрибада эса ҳар икки киши ҳам муваффақиятсизликка учраган ҳолатда иштирокчиларнинг 96 фоизи ўз тажрибаси билан бўлишган. Ҳар икки томон ҳам муваффақиятга эришганида эса бу кўрсаткич 73 фоизни ташкил этган.

Тадқиқотчилар ҳозирча бундай ёндашувлар суҳбатдошни ҳақиқатдан ҳам қўллаб-қувватлашга қанчалик ёрдам беришини аниқ билмайди. Келгусидаги тадқиқотларда инсонларнинг бошқаларга ўз муваффақият ёки муваффақиятсизликлари ҳақида атайлаб гапиришига суҳбатдошлар қандай муносабат билдириши ўрганилади.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар