АҚШнинг Калифорния штатидаги Anaheim шаҳрида жойлашган Диснейленд паркларидан бирида 4 октябрь куни нохуш воқеа содир бўлди. The Haunted Mansion («Арвоҳлар қасри») аттракционида 60 ёшли аёл юрак хуружига учраб вафот этди, деб хабар берди маҳаллий манбалар.
Гувоҳларнинг айтишича, у саёҳат пайтида ўзини ёмон ҳис қилиб қолган. Диснейленднинг хавфсизлик ходимлари тезкорлик билан юрак массажи қилган ва тез ёрдам чақирган. Бироқ шифокорлар шифохонада унинг ҳаётини сақлаб қололмаган.
Полиция ва ёнғин-қутқарув хизмати аттракционда техник носозлик бўлмаганини билдирди. Orange округи суд-тиббий экспертизаси бошқармаси ҳозирда марҳуманинг аниқ ўлим сабабини ўрганмоқда. Диснейленд аёлнинг шахсини ошкор қилмади.
Маъмурият бу ҳолатдан афсусда эканини билдириб, барча аттракционлар ҳар куни хавфсизлик текширувидан ўтишини таъкидлади. Бироқ тиббий ҳолатлар, айниқса юрак билан боғлиқ муаммолари бўлган меҳмонлар орасида, кутилмаган ҳолда юз бериши мумкин.
The Haunted Mansion — Диснейленднинг энг машҳур аттракционларидан бири бўлиб, арвоҳлар, иллюзиялар ва махсус аудио-эффектлар орқали меҳмонларда қўрқинч ва ҳайрат уйғотади. Хеллоуин байрами арафасида эса у янада даҳшатли муҳитда безатилади.
Бу воқеа эса, энг қувончли жойлар ҳам инсон соғлиғи учун масъулиятни талаб қилишини яна бир бор эслатди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!