Фарғонада ака-ука уй талашиб, ота-онасини ўлдирди

Фарғонада ака-ука уй талашиб, ота-онасини ўлдирди

Фарғона шаҳрида уй-жой масаласи ортидан оғир жиноят содир этган ака-укага нисбатан суд ҳукми чиқарилди. Улар ўз онаси ва ўгай отасининг ўлимига сабаб бўлгани аниқланган. Суд улардан бирига 13 йил, иккинчисига эса умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Бу ҳақда «Миллар» дастурида хабар берилди.

Тергов маълумотларига кўра, ака-ука онасига тегишли Фарғона шаҳридаги уйни эгаллаш мақсадида жиноий режа тузган. Улар онаси ва ўгай отасидан ташқари, ўгай укасини ҳам ўлдиришни режалаштирган.

Жиноят вақтида ака-укалардан бири уйда яширинган, иккинчиси эса ўгай отасини ташқарига олиб чиққан. Кейинчалик улар онаси ва ўгай отасининг ҳаётига тажовуз қилган.

Ака-ука содир этган жиноятни яшириш мақсадида марҳумларни уйда беркитишга уринган. Шунингдек, ўгай укасини ҳам ўлдириш режасини амалга оширишга ҳаракат қилган. Бироқ у қаршилик кўрсатиб, уйдан қочиб кетишга муваффақ бўлган.

Шундан сўнг судланувчилар хонадондаги пул ва қимматбаҳо буюмларни олиб, воқеа жойини тарк этган.

Мазкур жиноят иши Фарғона шаҳар жиноят ишлари бўйича судида кўриб чиқилди. Суд ҳукмига кўра, вояга етмаган судланувчига узил-кесил 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Унинг 27 ёшли акаси эса умрбод озодликдан маҳрум қилинган.

Суд ҳукмида жиноятнинг оғирлиги ва судланувчиларнинг ҳаракатлари инобатга олинган.

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар