Politico маълумотларига кўра, Исроилнинг бир ой олдин Қатар пойтахтига берган зарбаси нафақат минтақавий сиёсий кескинликни оширди, балки АҚШнинг фаол дипломатик аралашувига сабаб бўлди. Натижада Ғазо секторида ўт очиш тўхтатилди.
Маълумотларга кўра, 9 сентябрь куни Исроил Қатар пойтахти Доҳага ҳаво ҳужуми уюштирган. Ҳужум вақтида Исроил ҳарбийлари 2023 йил 7 октябрдаги терактни режалаштирган ҲАМАС етакчилари уларнинг асосий нишони бўлганини маълум қилди. Гуруҳ томонидан эса беш нафар киши, жумладан, ҳаракат музокарачиси ўғли ва Қатар хавфсизлик хизмати ходими ҳалок бўлгани айтилган.
Бу воқеадан сўнг Қатар Исроилни “қўрқоқ ҳужум”да айблади ва Ғазо бўйича воситачиликдан воз кечиш билан таҳдид қилди. Исроил эса, ўз навбатида, Қатарни “террорчиларни яширишда” айблади. Бироқ кескин вазият фонида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ой охирида Доҳадан расмий равишда узр сўради.
Politico ёзганидек, айнан шу ҳодиса дипломатик жараёнда бурилиш нуқтаси бўлди. АҚШ президенти Доналд Трамп ушбу вазиятдан фойдаланиб, Исроилга жиддий босим ўтказган ва бу орқали тинчлик жараёнини тезлаштирган.
Оқ уй манбаларига кўра, Трамп Доҳага берилган зарбадан кейин Исроилни ўт очишни тўхтатишга мажбур қилган. “Президент жуда қатъиятли ҳаракат қилди. Бу босим Исроилга сулҳга рози бўлишдан бошқа йўл қолдирмади”, — деган манба.
Шу билан, Ғазо секторидаги сулҳ 10 октябрдан кучга кирди. Биринчи босқич доирасида ҲАМАС асирликдаги исроилликларни озод этади, Исроил эса фаластинлик маҳбусларни қўйиб юбориши ва ўз қўшинларини келишилган чизиқларга олиб чиқиши керак.
Таҳлилчилар бу жараённи “Қатар зарбасидан бошланган дипломатик домино” деб аташмоқда — у нафақат Исроил сиёсатида, балки Трампнинг халқаро нуфузида ҳам янги саҳифа очди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!