Яқин кунларда Эрон пойтахти Теҳронда “Авлиё Марям” номли янги метро бекати ишга тушиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда “РИА Новости” мухбири хабар тарқатди.
Янги станция, расмий номи “Maryam-e Mogaddas”, шаҳар марказидаги Нежотоллаҳи кўчасида жойлашган бўлиб, у ердаги Авлиё Саркис Арман Апостол черкови яқинида қурилган. Ушбу бекат Эрон ҳудудида “Бибий Марям” номи билан танилган Исо пайғамбарнинг онаси шарафига бағишланган.
Эрон Ислом Республикаси ҳукуматининг таъкидлашича, станциянинг номи ва ички дизайни орқали мамлакатдаги насроний озчиликка ҳурмат ифодаланмоқда. Лойиҳа муаллифи, дизайнер Таня Таригмеҳрга кўра, бекат деворларига Бибий Марям ҳаёти ҳамда насронийлик динидаги муқаддас қарашлар акс эттирилган 7 та тематик панел ўрнатилган.
Метро кириш қисмида эса Қуръони Каримдаги “Марьям” сурасининг 6 та ояти ёзилган бўлиб, бу ҳам ислом ва насронийлик ўртасидаги бағрикенгликни ифода этиши қайд этилмоқда.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ушбу станция очилишини турли дин вакиллари ўртасидаги маданий мулоқот ҳамда ўзаро ҳурмат рамзи сифатида баҳоламоқда.
Маълумотларга кўра, бекатда қурилиш ва безатиш ишлари тўлиқ якунланган ва ҳозирда расмий очилиш маросимига тайёргарлик кетмоқда. Яқин кунлар ичида станция йўловчиларни қабул қилишни бошлайди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!