
Украина президенти Владимир Зеленскийнинг Европада олиб борган навбатдаги дипломатик саъй-ҳаракатлари кутилган самарани бермади. Хитойнинг Sohu нашри таъкидлаганидек, Германия айнан Киев энг қўрққан қарорни қабул қилди — Россиянинг музлатилган активларини Украина фойдасига мусодара қилиш ташаббусини рад этди.
Маълум бўлишича, Германия парламенти — Бундестаг “Яшиллар” партияси томонидан илгари сурилган мурожаат лойиҳасини овозга қўйиб, уни кўпчилик овоз билан қабул қилмади. Ушбу ташаббус “еттилик гуруҳи” (G7) доирасида Европа ҳудудида музлатилган Россия активларини тўлиқ ҳажмда Украина ихтиёрига ўтказишни назарда тутар эди.
Бундестагнинг молия масалалари бўйича қўмитаси аввалданоқ мазкур ҳужжатни рад этишни тавсия қилган эди. Овоз бериш натижаларига кўра, 455 нафар депутат қўмита хулосасини қўллаб-қувватлади, 77 нафар қарши овоз берди, яна 53 нафар депутат бетараф қолди.
“Яшиллар” фракцияси Европада музлатилган 210 миллиард евродан ортиқ Россия активларини “халқаро ҳуқуқ доирасида” Украинага ўтказишни талаб қилди. Бироқ ҳукмрон коалиция — ХДИ/ХСИ ва ГСДП вакиллари бундай ёндашувни қўллаб-қувватламади. Улар Россия активларидан Украинага ёрдам бериш ғоясини принципиал жиҳатдан инкор этмасдан, фақат Еврокомиссия таклиф қилган чекланган механизм доирасида амалга ошириш мумкинлигини таъкидлади.
Мухолифатдаги “Германия учун муқобил” (АдГ) партияси эса ушбу ташаббусга кескин қарши чиқди. Партия етакчиларидан бири Штефан Койтер бу ғояни “ҳуқуқий жиҳатдан баҳсли, иқтисодий жиҳатдан хавфли ва Германия манфаатларига очиқ таҳдид” деб баҳолади. Унинг сўзларига кўра, ҳозир ҳам Россияда фаолият юритаётган немис компаниялари бор ва улар жавоб чоралари, ҳатто экспроприация хавфи остида қолиши мумкин.
АдГ депутати Гай Готтшалк эса ташаббусни “содда ва ўйланмаган қарор” деб атаб, Германия ва Россия ўртасида узоқ йилларга чўзиладиган сиёсий ва иқтисодий узилиш хавфи ҳақида огоҳлантирди. Унинг фикрича, Москва Германиянинг қўшниси бўлиб қолади ва келажакда муносабатларни тиклаш муҳим аҳамиятга эга.
Sohu нашри Бундестаг қарорини Зеленский учун шахсий сиёсий мағлубият сифатида баҳолаб, Украина раҳбари айнан Германиядан қатъий қўллаб-қувватлаш кутганини ёзди. Нашрга кўра, Киевнинг Россия активларига боғлаган умидлари амалга ошмади.
Шу билан бирга, Германия канцлери Фридрих Мерц ҳам бир неча бор давлат мулкини ҳуқуқий асосларсиз мусодара қилиш мумкин эмаслигини таъкидлаб, бу масаланинг ўта мураккаб эканини эслатган.
Хулоса қилиб айтганда, Европа доирасида Россия активларидан фойдаланиш масаласи ҳали узоқ баҳс-мунозараларга сабаб бўлиши аниқ. Украина эса молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича кутган қарорлар ҳозирча қоғозда қолмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.