Сурия муваққат президентига суиқасд ҳақидаги хабарлар рад этилди

Сурия Ички ишлар вазирлиги муваққат президент Аҳмад ал-Шарага нисбатан суиқасд уюштирилгани ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарларни расман инкор қилди.
Вазирлик матбуот котиби Нуриддин ал-Баба ушбу маълумотлар асоссиз эканини таъкидлаб, сўнгги кунларда мамлакат президенти ёки бошқа юқори лавозимдаги амалдорлар билан боғлиқ ҳеч қандай фавқулодда ҳолат юз бермаганини маълум қилди. У бу ҳақда ўзининг расмий Facebook саҳифасида баёнот қолдирган.
«Тарқатилаётган маълумотлар мутлақо ёлғон ва ҳақиқатга тўғри келмайди. Яқин кунларда президент ёки бошқа мансабдор шахсларга нисбатан ҳеч қандай ҳужум ёки нохуш воқеа содир бўлмади», — дея ёзди ал-Баба.
Шунингдек, у фуқаролар ва оммавий ахборот воситаларини масъулият билан иш тутишга, текширилмаган манбаларга ишонмасдан, фақат давлат идоралари томонидан тақдим этилаётган расмий маълумотларга таянишга чақирди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!