Трамп ва Пентагон раҳбари Минобдаги мактаб ҳужуми юзасидан баёнот берди

АҚШ президенти Дональд Трамп Air Force One самолётида журналистлар билан суҳбат чоғида Эроннинг Миноб шаҳридаги қизлар мактабига берилган зарба учун жавобгар эканини таъкидлади. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Эрон томони ўз қуролларидан фойдаланишда етарлича аниқликка эга эмас ва айнан улар тинч аҳоли масканига ҳужум қилган. Трамп ушбу айбловни илгари сурар экан, ўз сўзларини тасдиқловчи ҳеч қандай далил келтирмади.
Президентнинг ёнида бўлган АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет ҳам бу фикрни қўллаб-қувватлади. Унинг айтишича, Пентагон воқеа юзасидан текширув ишларини олиб бормоқда, бироқ тинч аҳолини нишонга олиш одати айнан Эронга хосдир. Шунга қарамай, вазият мураккаблигича қолмоқда, чунки халқаро нашрлар ва ҳатто АҚШнинг айрим расмий манбалари бошқача маълумотларни илгари сурмоқда.
2025 йил 28 февраль куни содир бўлган ушбу фожиа оқибатида 180 нафарга яқин инсон ҳалок бўлган. CNN ва The New York Times каби нуфузли нашрлар АҚШ ҳарбийлари ўша ҳудудда операция ўтказгани ва мактабга хатолик билан зарба берилган бўлиши мумкинлигини ёзган. NBC News манбаларига кўра, Трамп маъмурияти ҳатто конгрессга америкалик ҳарбийлар Минобдаги мактаб жойлашган ҳудудга зарба берганини тасдиқлаган. Айни дамда Пентагон расмий текширув давом этаётганини билдириш билан чекланмоқда, Эрон томони эса ушбу ҳужумда Вашингтонни айблаб келмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!