14 кун овқатсиз қолган аёл Малайзия тоғларидан тирик топилди

Малайзияда содир бўлган ҳайратланарли воқеа кўпчиликни лол қолдирди. Тоғларда адашиб қолган 49 ёшли сайёҳ аёл икки ҳафта давомида озиқ-овқатсиз яшаб, 14 кундан кейин соғ-саломат ҳолда топилди.
Маълум бўлишича, Жаслинда Салудин 23 май куни Бату Путих тоғига саёҳат қилиш учун йўл олган. У 14 нафар сайёҳ ва икки нафар йўлбошчидан иборат гуруҳ таркибида бўлган. Бироқ эртаси куни аёл гуруҳдан ажралиб қолиб, тоғ бағрида ёлғиз қолган.
Қутқарилган аёлнинг айтишича, у бу вақт давомида ҳеч қандай озуқа истеъмол қилмаган. Ҳаётини сақлаб қолиш учун ўсимликлар барглари ва новдаларида тўпланган сувни ичган.
— Менда овқат йўқ эди. Икки ҳафта давомида ҳеч нарса емадим, фақат сув билан кун кечирдим. Ҳаётимиз учун шукр қилишимиз керак, — деди у.
Аниқланишича, аёл аввал оёғидаги оғриқ туфайли тўхтаб дам олган. Кейин эса гуруҳдан узилиб қолиб, мустақил равишда ҳаракатланишда давом этган. Натижада у йўналишни йўқотиб қўйган.

Жаслинда Салудиннинг бедарак йўқолгани маълум бўлгач, 25 май куни кенг кўламли қидирув-қутқарув операцияси бошланган. Қидирув ишлари давомида қутқарувчилар, полиция ходимлари, кўнгиллилар ва маҳаллий аҳоли жалб қилинган.
Ниҳоят, 6 июнь куни аёл Лубук Гахару қишлоғи яқинидан тирик ҳолда топилди. У дарҳол шифохонага олиб кетилиб, тиббий кўрикдан ўтказилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, аёл топилган ҳудуд релеф жиҳатидан жуда мураккаб бўлиб, шаршаралар, чуқур водийлар ва ўтиш қийин бўлган жойлардан иборат. Шу сабабли унинг тирик қолгани ҳақиқий мўъжиза сифатида баҳоланмоқда.
Қутқарилган сайёҳ ўзининг йўқолиб қолиши билан жамоатчиликка ташвиш келтиргани учун узр сўради. Унинг турмуш ўртоғи эса қидирув ишларида қатнашган барча ташкилотлар ва кўнгиллиларга миннатдорлик билдирди.





























Изоҳлар 0
…