Давоси деярли йўқ саратонга қарши янги умид пайдо бўлди

Даволаш энг қийин ҳисобланган ўпка саратони турларидан бирига қарши янги усул ишлаб чиқилди. Россиянинг РУДН университети олимлари хитойлик ҳамкасблари билан ҳамкорликда олиб борган тадқиқот натижалари ушбу касалликни даволаш самарадорлигини ошириш имконини кўрсатди.
Мутахассислар ўпка аденокарциномаси — ўпка саратонининг энг кўп учрайдиган турини ўрганишди. Айрим беморларда кузатиладиган генетик мутациялар мавжуд даволаш усулларининг таъсирини сезиларли даражада камайтириши сабабли, олимлар янги ёндашувни синовдан ўтказди.
Тадқиқот доирасида гадрон терапияси PCSK9 ферментини блокловчи препаратлар билан бирлаштирилди. Лаборатория шароитида ўзгартирилган саратон ҳужайраларида ўтказилган тажрибалар ушбу комбинация стандарт даволаш усулларига нисбатан хавфли ҳужайраларни самаралироқ йўқ қилишини кўрсатди.
Олимларнинг таъкидлашича, гадрон терапияси юқори аниқликка эга бўлиб, асосан саратон ҳужайраларини нишонга олади ва соғлом тўқималарга таъсирни минимал даражага туширади. Бу эса даволашнинг хавфсизлиги ва самарадорлигини оширишга хизмат қилиши мумкин.
Лойиҳада иштирок этган тадқиқотчиларнинг фикрича, PCSK9 ингибиторлари нурланиш терапиясининг таъсирини кучайтириши мумкин. Ҳозирда ушбу усул ҳайвонларда синовдан ўтказилмоқда. Кейинги босқичда олимлар унинг тирик организмдаги иммун тизимига таъсирини чуқур ўрганишни режалаштирмоқда.
Мутахассислар қайд этишича, ушбу натижалар умидбахш бўлса-да, усул ҳали клиник амалиётга жорий этилмаган. Янги терапиянинг инсонларда хавфсизлиги ва самарадорлигини тасдиқлаш учун қўшимча тадқиқотлар ҳамда клиник синовлар ўтказилиши лозим.






























Изоҳлар 0
…