Йирик бизон машинага ташланди: даҳшатли ҳолат видеога тушди

Йирик бизон машинага ташланди: даҳшатли ҳолат видеога тушди

АҚШнинг машҳур Йеллоустоун миллий боғида сайёҳлар гувоҳ бўлган хавфли воқеа ижтимоий тармоқларда катта муҳокамага сабаб бўлди. Улкан бизон йўлда ҳаракатланаётган автомашинага кутилмаганда ҳужум қилиб, уни қаттиқ зарба билан уриб юборди. Ҳодиса оқибатида автомобилнинг шиналаридан бири ёрилиб кетган.

Мазкур воқеа видеотасвирга муҳрланиб, TikTok фойдаланувчиси Tonya Names томонидан чоршанба куни эълон қилинди. У видеога ёзган изоҳида, олдинда секин ҳаракатланаётган SUV автомобилига яқинлашишдан аввал машина ойнасини ёпмоқчи бўлганини, айнан шу пайтда улкан бизон кутилмаганда автомобилга ташланганини айтган.

Видеода бизоннинг кучли зарбасидан кейин автомобиль шинасидан ҳаво чиқиш овози ҳам аниқ эшитилади. Шундан сўнг SUV ҳайдовчиси транспорт воситасини йўл четида тўхтатишга мажбур бўлган. Видеода автомобил ичида неча киши бўлганига аниқлик киритилмаган.

Бу Йеллоустоун миллий боғида бизонлар билан боғлиқ илк хавфли ҳолат эмас. Жорий йилнинг июнь ойи охирида Fishing Bridge ҳудудидан шимолда жойлашган Mud Volcano атрофида 12 ёшли бола бизон ҳужуми оқибатида жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган эди.

Шунингдек, июль ойи бошларида яна бир ҳодиса қайд этилди. Yellowstone Lake яқинидаги Bridge Bay Compound ҳудудида набираси билан сайр қилиб юрган 65 ёшли Карл Айсом-Макдэниел ҳам бизон ҳужумига учраган.

Унинг сўзларига кўра, бизон аввал ҳеч қандай тажовузкор ҳаракат намойиш этмаган. «У тажовузкор кўринмасди, аммо бир пайт келиб ўзига нишон танлади», дея воқеани эслаган Карл Айсом-Макдэниел.

Мутахассислар Йеллоустоун миллий боғига ташриф буюрувчиларни ёввойи ҳайвонларга яқинлашмаслик, хавфсиз масофани сақлаш ҳамда уларнинг ҳаракатларини безовта қилмасликка чақирмоқда. Чунки бундай ҳайвонлар ташқи томондан хотиржам кўринса-да, исталган вақтда кутилмаган тарзда ҳужум қилиши мумкин.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар