Олимлар суякларни емирилишдан сақлайдиган энг муҳим маҳсулотларни айтди

Суяклар мустаҳкамлиги ҳақида фақат кексайганда эмас, ёшликданоқ қайғуриш муҳим. Мутахассислар таъкидлашича, суяк зичлиги кўпчилик ўйлагандан ҳам эртароқ пасая бошлайди. Бироқ тўғри овқатланиш ва фаол ҳаёт тарзи бу жараённи секинлаштиришга ёрдам беради.
Олимларнинг маълум қилишича, инсоннинг қариликдаги суяк саломатлиги болалик ва ёшликда тўпланган «суяк захираси»га боғлиқ. Ёш ўтиши билан суяк массаси аста-секин камаяди. Бугунги кунда дунёда 500 миллионга яқин киши остеопороздан азият чекмоқда. Бу касаллик суякларни мўртлаштириб, синиш хавфини оширади.
Суяклар учун энг фойдали маҳсулотлар
Сут маҳсулотлари – сут, пишлоқ ва қатиқ кальций, D витамини ҳамда оқсилнинг бой манбаи ҳисобланади. Тадқиқотлар уларни мунтазам истеъмол қилиш суяк синиши хавфини камайтиришини кўрсатган.
Соя маҳсулотлари – тофу, темпе ва эдамаме кальцийга бой бўлиб, айниқса аёлларда суяк зичлигини сақлашга ёрдам бериши мумкин.
Чиа уруғи – кальций, магний, фосфор ва омега-3 га бой бўлиб, суяк тўқималарини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қуритилган мевалар – анжир, ўрик ва қора олхўри кальций ҳамда антиоксидантларга бой. Улар суяк емирилишини секинлаштиришга ёрдам беради.
Консерваланган балиқ – сардина ва лосось кальций, D витамини ва оқсил манбаи бўлиб, суяк ҳамда мушаклар саломатлиги учун жуда фойдали.
Мутахассислар витамин қўшимчаларини эса фақат шифокор тавсияси билан қабул қилишни маслаҳат беради. Агар рационда сут маҳсулотлари, кўкатлар, балиқ, дуккаклилар ва оқсилга бой озиқ-овқатлар етарли бўлса, организм зарур моддаларнинг аксариятини табиий равишда қабул қилади.
Олимлар хулосасига кўра, мувозанатли овқатланиш ва мунтазам жисмоний фаоллик суякларни йиллар давомида мустаҳкам сақлаш ҳамда остеопороз хавфини сезиларли даражада камайтиришнинг энг самарали усули ҳисобланади.






























Изоҳлар 0
…