Японияда кучли 7,1 магнитудали зилзила содир бўлди

Япониянинг Кюсю ороли яқинида кучли зилзила содир бўлди. Бу ҳақда мамлакат Метеорология агентлиги маълумотларига таяниб, Осиё оммавий ахборот воситалари хабар тарқатди.
Маълум қилинишича, зилзиланинг магнитудаси 7,1 ни ташкил этган. Ерости силкиниши 28 июль куни қайд этилган. Зилзила эпицентри Кумамото префектураси яқинида жойлашган бўлиб, унинг ўчоғи ер юзасидан 10 километр чуқурликда аниқланган.
NHK телеканали тарқатган маълумотга кўра, кучли ер силкинишидан сўнг мамлакатнинг тегишли идоралари цунами хавфи ҳақида огоҳлантириш эълон қилди. Шу муносабат билан аҳолига расмий кўрсатмаларга амал қилиш ва хавфли соҳил ҳудудларидан эҳтиёт бўлиш тавсия этилмоқда.
Ҳозирча зилзила оқибатида қурбонлар, жабрланганлар ёки йирик вайронагарчиликлар ҳақида расмий маълумот берилмаган. Воқеа юзасидан масъул хизматлар вазиятни кузатишда давом этмоқда, қўшимча маълумотлар эълон қилиниши кутилмоқда.






























Изоҳлар 0
…