Кенияда 14 филнинг сирли ўлими жиддий текширувга сабаб бўлди

Кениянинг жанубий қисмида, машҳур Амбосели миллий боғи атрофида 14 нафар филнинг сирли равишда нобуд бўлиши мамлакат мутасаддилари ва табиат муҳофазаси ташкилотларини жиддий хавотирга солди. Мазкур ҳолат юзасидан Кения Ёввойи табиат хизмати (KWS) томонидан шошилинч тергов ва махсус текширув ишлари бошланган. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Маълум қилинишича, мутахассислар ҳалок бўлган филларнинг жасадларини атрофлича ўрганмоқда. Сабабни аниқлаш мақсадида тўқима намуналари махсус лабораторияларга юборилган. Олимлар ўлимга касаллик, заҳарланиш ёки бошқа омиллар сабаб бўлган-бўлмаганини аниқлашга ҳаракат қилмоқда.
Амбосели миллий боғи ва унинг атрофидаги ҳудуд Танзания билан чегарадош бўлиб, дунёдаги энг машҳур ёввойи табиат масканларидан бири сифатида танилган. Ушбу экотизим бой биологик хилма-хиллиги ва кўп сонли филлари билан машҳур ҳисобланади.
Расмийлар таъкидлашича, бу ҳудудда сўнгги ўнлаб йиллар ичида бундай кўламда филлар ўлими биринчи марта қайд этилмоқда. Айниқса, браконьерликка қарши кураш самарали йўлга қўйилган ҳудудда бундай ҳолат кузатилгани мутахассисларни янада ташвишга солмоқда.
KWS маълумотига кўра, ҳозирча барча филларнинг ўлимига сабаб бўлган ягона омил аниқланганича йўқ. Ҳалок бўлган ҳайвонлар турли ёш ва жинсга мансуб бўлиб, бу ҳолат фақат битта оила ёки муайян гуруҳ билан чекланмаганини кўрсатади.
KWS матбуот хизмати раҳбари Данкан Ваньяманинг билдиришича, филлар жасадлари Амбосели миллий боғи чегарасидан тахминан 15–30 километр узоқликдаги турли ҳудудлардан топилган.
Амбосели филларини кузатиш жамғармаси маълумотларига кўра, 2025 йил ҳолатида ушбу экотизимда 2 минг нафардан ортиқ фил яшаган. Мутахассислар текширув натижалари ушбу сирли ҳодисага ойдинлик киритишига умид билдирмоқда.






























Изоҳлар 0
…