Ливияда қуролли тўқнашувлар орасида маҳбуслар қамоқхонадан оммавий қочди

Ливиянинг Завия ва Сурман шаҳарларида юз берган қуролли тўқнашувлар хавфсизлик вазиятини янада кескинлаштирди. Тўқнашувлар фонида Сурман шаҳридаги қамоқхонадан маҳбуслар оммавий равишда қочиб кетгани маълум бўлди. Бу ҳақда мамлакат полицияси маълумотларига таяниб Reuters хабар қилди.
Суд полицияси бошқармаси билдиришича, воқеа 4 август куни содир бўлган. Ҳозирда ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Қанча маҳбус қамоқхонани тарк этгани очиқланмаган. Шу билан бирга, уларнинг шахсини аниқлаш ва ушлаш чораларини кўриш учун махсус комиссия тузилган.
Завия шаҳридаги маҳаллий етакчилардан бири Салим Баҳр Libya Al-Ahror телеканали орқали чиқиш қилиб, барча томонларни қон тўкилишини тўхтатишга чақирди.
«Бу вазиятда ким ғалаба қозонмасин, барибир мағлуб бўлади», — деди у.
Унинг маълум қилишича, тўқнашувлар оқибатида уч нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, яна бир неча киши турли даражада жароҳат олган. Ҳозирча қуролли тўқнашувларда қайси гуруҳлар иштирок этгани ва можаронинг аниқ сабаби ҳақида расмий маълумот берилмаган.






























Изоҳлар 0
…