8 ёшли бола балиқ овида қўрқинчли йиртқич балиқни тутиб олди

АҚШнинг Пенсилвания штатидаги Ридли-Парк кўлида 8 ёшли Сеймус отаси Майкл Коффи билан балиқ овлаётиб, 2 фунтлик қизил қоринли пираняни тутди. Пенсилвания Балиқ ва Қайиқлар комиссияси балиқ ҳақиқатан пираня эканини тасдиқлади. Пиранялар асосан Жанубий Америка сувларида учрайди, маҳаллий кўлларда экзотик жонзотлар пайдо бўлиши эса штатда аввал ҳам кузатилган.
АҚШнинг Пенсильвания штатида 8 ёшли Сеймус отаси билан балиқ овлаётганида кутилмаган ва ғайриоддий воқеага дуч келди. У одатдагидек бас балиғини тутишни кутган эди, аммо қармоғига ўткир тишли қизил қоринли пиранья илинди.
Боланинг отаси Майкл Коффи воқеа ҳақида Facebook’да ёзиб, «Бу пайтда Сеймуснинг нимани тутишига энди ҳайрон бўлмайман. Бугун у Ридли-Парк кўлидан 2 фунтлик қизил қоринли пиранья тутди!» дея хабар берди.
Делавэр округида яшовчи ота-бола шунчаки балиқ овлаб ўтирган пайтда Сеймус қармоққа балиқ илинганини сезган. Майкл аввал уни оддий бас деб ўйлаб, балиқ қочиб кетмаслиги учун секин тортишни маслаҳат берган.
Бироқ Сеймус сувдан балиқни чиқарганида, унинг отаси ҳайрон қолган. Дастлаб Майкл бу каттароқ кўк жабрали балиқ ёки унга ўхшаш бошқа тур бўлиши мумкин деб ўйлаган.
«Мен бу кўк жабра деб ўйладим, кейин “бу нима ўзи?” дедим», — деди у 6ABC телеканалига.
Шунда Сеймус балиқни дарҳол таниди.
«Бу пиранья!», — деди у.
Боланинг бундай ғайриоддий балиқни тезда танишига интернетда кўрадиган таълимий табиат ва балиқ овлаш видеолари ёрдам берган. Майклнинг айтишича, Сеймус дунёнинг турли ҳудудларидаги балиқлар ҳақидаги видеоларни мунтазам томоша қилади.
Пенсильвания Балиқ ва Қайиқлар комиссияси ҳам тутиб олинган балиқ ҳақиқатан пиранья эканини тасдиқлади. Пираньялар эса асосан Жанубий Америка сувларида учрайди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, маҳаллий кўлда бундай экзотик балиқ пайдо бўлиши ғалати туюлса-да, бу штатда аввал ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар қайд этилган.
Пенсильвания Балиқ ва Қайиқлар комиссияси коммуникациялар директори Майк Паркернинг айтишича, ҳар ёзда маҳаллий сувларда ғайриоддий жонзотлар пайдо бўлгани ҳақида хабарлар келиб туради. Улар орасида аллигатор, кайман, экзотик илонлар, судралиб юрувчилар ва турли хил балиқлар ҳам бор.
Паркернинг тушунтиришича, штатда экзотик ҳайвонларни уйда сақлашга рухсат берилган бўлса-да, уларни умумий фойдаланишдаги сув ҳавзаларига қўйиб юбориш қонунга хилоф.
Мутахассиснинг фикрича, бу пиранья ҳам эҳтимол кимдир уй ҳайвони сифатида боққан, кейин эса ундан қутулиш учун кўлга ташлаб юборган бўлиши мумкин.
Экзотик жонзотларнинг маҳаллий экотизимга кириб қолишининг бошқа сабаблари сифатида тирик денгиз маҳсулотлари савдосидан тасодифий қочиб кетиш ёки айрим маданий маросимлар вақтида ҳайвонларни табиатга қўйиб юбориш ҳолатлари ҳам кўрсатилмоқда.






























Изоҳлар 0
…