Хитойлик олимлар ўзини-ўзи тиклай оладиган “тирик” тўқима яратди

Хитойлик олимлар ўзини-ўзи тиклай оладиган “тирик” тўқима яратди

Хитойлик тадқиқотчилар замбуруғ мицелийидан тайёрланган, шикастланганда ўзини тиклай оладиган янги турдаги “тирик” тўқима яратди. Мазкур ишланма Хитой Фанлар академиясининг Шенчжен илғор технологиялар институти олимлари томонидан ишлаб чиқилган.

Тадқиқотда Cordyceps militaris замбуруғидан фойдаланилган. Анъанавий замбуруғ асосидаги материаллардан фарқли равишда, янги технологияда мицелий ҳужайралари тирик ҳолда сақланади. Шу сабабли материал шикастланганда унинг толалари қайта ўсиб, узилган қисмларни бир-бирига боғлаш имконига эга бўлади.

Олимлар янги материал имкониятларини намойиш этиш учун ундан кийим прототипини ҳам яратган. Тажрибалар материалнинг сувни қайтариши ва ўзини тозалаш хусусиятига эга эканини кўрсатган. Шунингдек, унга ультрабинафша нурларидан ҳимояланиш хусусиятини бериш учун бошқа микроорганизмлардан фойдаланиш мумкин.

Янги материалнинг яна бир муҳим жиҳати — унинг биологик парчаланиш хусусияти. Тадқиқотларда у тупроққа кўмилганидан кейин тахминан 41 кун ичида деярли тўлиқ парчалангани кузатилган. Бу эса келажакда экологик тоза ва қайта ишланадиган кийим-кечак яратиш имкониятини оширади.

Бироқ технология ҳозирча тажриба ва прототип босқичида. Материалнинг кундалик фойдаланишга қанчалик чидамли экани, уни ювиш имконияти ва узоқ муддат хизмат қилиши каби масалалар ҳали қўшимча тадқиқотларни талаб қилади.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар