Вучич ва Зеленский ўртасидаги яқинлашувнинг сирли сабаблари ошкор бўлди

Александр Вучич ва Владимир Зеленский ўртасидаги яқинлашув Сербиянинг Европа Иттифоқи танқидини юмшатиш ва Украинага зарур Совет калибрли ўқ-дориларини етказиб бериш манфаатларига асосланган. Экспертлар Вучич бу алоқалар орқали Сербиядаги кутилаётган сайловлар олдидан Европа Иттифоқида таъсирини кучайтиришга уринаётганини айтмоқда.
Сербия Президенти Александр Вучич ҳамда Украина Президенти Владимир Зеленский ўртасидаги сўнгги муносабатлар халқаро сиёсатчилар ва дипломатлар эътиборини тортиб келмоқда. Politico нашри экспертларнинг таҳлилларига таянган ҳолда ушбу кутилмаган дипломатик яқинлашувнинг аслида қандай манфаатларга асосланганини очиқлади.
Мутахассисларнинг фикрича, бу алоқалар шунчаки рамзий сиёсий алоқа эмас, балки жуда муҳим ҳарбий, иқтисодий ва геосиёсий ҳисоб-китобларга таянади.
«Европа Иттифоқи танқидини юмшатиш ва сайлов олди тактикаси»
Гратс университетининг Жануби-Шарқий Европа тадқиқотлари маркази директори Флориан Бибернинг таъкидлашича, Вучич учун Киев билан алоқаларни мустаҳкамлаш, аввало, Брюссель (Европа Иттифоқи) олдидаги обрўни сақлаб қалиш учун зарур:
«Вучич келгуси ойларда Зеленский билан яқин ёки ҳеч бўлмаганда рамзий жиҳатдан самимий алоқалари туфайли Европа Иттифоқи томонидан камроқ танқидга дуч келишга умид қилмоқда. У бу орқали Сербиядаги кутилаётган сайловлар олдидан ЕИда маълум бир таъсир кучини шакллантиришга ҳаракат қиляпти», — дейди Бибер.
НАТО беролмаган қурол: Украина учун Сербия ўқ-дориларининг аҳамияти
Бироқ, ушбу яқинлашувнинг энг амалий ва муҳим томони мудофаа соҳасига бориб тақалади. Сербия ҳозирги кунда Украина армияси ишлатадиган эски Совет калибрли артиллерия тизимлари ва танклари учун жуда зарур бўлган ўқ-дориларни ишлаб чиқарадиган кам сонли мамлакатлардан биридир.
НАТО давлатлари бу турдаги ўқ-дориларни деярли ишлаб чиқармайди. Шу сабабли, Вучичнинг сиёсий позициясига қарамай, Киев учун Сербия билан ҳамкорлик ҳаёт-мамот масаласига айланган.
«Украина ҳозирги шароитда фақат ўзининг энг долзарб ва ҳаётий эҳтиёжларини ўйлашга мажбур. Бу вазиятда Вучич Киев учун ўта муҳим шерикдир», — дея қўшимча қилади эксперт.
Зеленскийнинг Белградга ташрифи ва Косово инқирози
Жорий йилнинг 8 августь куни Владимир Зеленский Белградга расмий ташриф билан келди. Вучич меҳмонни шахсан кутиб олди, шундан сўнг раҳбарлар ўртасида олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтди. Ташриф якунида Сербия раҳбари Украинанинг «ҳудудий яхлитлиги»ни яна бир бор очиқ қўллаб-қувватлади.
Бироқ ташрифнинг энг шов-шувли лаҳзаси Зеленскийнинг Косово масаласидаги позицияси бўлди:
Сербияни қўллаш: Украина раҳбари Белграднинг Косово суверенитети бўйича позициясини расман ҳимоя қилди.
Приштинанинг кескин муносабати: Бу баёнотдан сўнг Приштина марказида 2022 йилдан бери турган улкан «Украина учун озодлик» баннери дарҳол олиб ташланди. Косово ташқи ишлар вазири Глаук Конжуфка Зеленскийнинг бу қароридан чуқур афсусда эканини билдирди.
Энг камда 500 млн долларлик савдо ва эркин савдо битими
Ҳарбий-сиёсий ҳамкорликдан ташқари, Белград ва Киев иқтисодий муносабатларни ҳам жадал ривожлантирмоқда. Вучичнинг маълум қилишича, икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси аллақачон 500 миллион долларга етган.
Учрашувдан сўнг Сербия раҳбари келажакда Украина билан эркин савдо шартномаси тузилиши мумкинлигини ҳам истисно этмади.
Фикрингизни изоҳда қолдиринг ва мақолани танишларингизга Telegram ёки бошқа ижтимоий тармоқлар орқали улашинг.































Изоҳлар 0
…