Массачусетс соҳилида кутилмаганда одамхўр акула пайдо бўлди

АҚШнинг Массачусец штатидаги Кейп-Код соҳилларида Нейт ва Нелсон Руетт ака-укалари тахминан 1,5 метрлик ёш йўлбарс акуласини тутиб олишди. Йўлбарс акулалари одатда илиқ жанубий сувларда учрайди, овқат танламаслиги ва инсон учун нисбатан хавфли турлардан бири саналиши билан машҳур. Бостондаги Янги Англия аквариуми олими Жон Чишолмнинг айтишича, сўнгги йилларда бу тур вакиллари шимолий сувларда тобора кўпроқ кузатилмоқда.
АҚШнинг Массачусетс штатидаги Кейп-Код соҳилларида балиқчилар кутилмаган «меҳмон»га дуч келишди. Спорт балиқчилиги билан шуғулланиб келаётган ака-ука Нейт ва Нелсон Руэтт навбатдаги ов пайтида ёш йўлбарс акуласини тутиб олишди.
Ака-укалар июль ойи охирида соҳилдан тахминан 1,5 метрлик акула тутган. Улар бир неча соат давомида анча кўп учрайдиган қўнғир акулаларни қидиришган. Бироқ сувдан чиқарилган акула танасидаги горизонтал чизиқларни кўрган Нейт унинг йўлбарс акуласи эканини дарҳол англаган.
«Бу йўлбарс акуласи!» дея ҳайрат билан укасига хабар берган Нейт дастлаб унга ишонишмаганини айтган. Кейинчалик акула ўлчами ва ташқи белгилари ҳам унинг мазкур турга мансублигини тасдиқлаган.
Йўлбарс акулалари одатда Кариб денгизи каби илиқроқ жанубий сувларда кўпроқ учрайди. Улар овқат танламаслиги билан машҳур бўлиб, балиқлар, қисқичбақасимонлар ва денгиз қушларидан тортиб турли буюмларгача ютиб юбориши мумкин. Айрим акулаларнинг қорнидан ҳатто пойабзал ва бошқа сунъий буюмлар ҳам топилган.
Катта йўлбарс акулалари 4,5 метрдан ортиқ узунликка ва 600 килограммдан зиёд вазнга етиши мумкин. Улар инсон учун нисбатан хавфли акула турларидан бири саналади. Шунга қарамай, сабабсиз ҳужумлар кам учрайди.
Мутахассислар эса Массачусетсда ёш йўлбарс акуласининг пайдо бўлишига алоҳида эътибор қаратмоқда. Бостондаги Янги Англия аквариуми олимларидан Жон Чишолмнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда бу тур вакиллари шимолий сувларда тобора кўпроқ кузатилмоқда.
Олимлар бу ҳолатни океанларнинг исиши билан боғламоқда. Сув ҳароратининг кўтарилиши йўлбарс акулалари учун Янги Англия соҳилларини аввалгидан қулайроқ муҳитга айлантираётган бўлиши мумкин.
Мутахассислар ҳатто бу ҳудуд келажакда ёш йўлбарс акулалари учун табиий «боғча»га айланиши эҳтимолини ҳам ўрганмоқда. Агар шундай бўлса, бу денгиз экотизимидаги жиддий ўзгаришлардан бири бўлиши мумкин.






























Изоҳлар 0
…