70 ёшли аёл aсраб олган 17 ёшли қизини маймунга алмаштирди

Жорий йилнинг 3 сентябрь куни АҚШнинг Миссури штатида 70 ёшли аёл асраб олган боланинг ҳаётини жиддий хавф остида қолдиргани учун суд олдида жавоб берди. Тергов давомида аёл 17 ёшли қизни Техасдаги танишларига юбориб, унинг ўрнига экзотик маймунни қабул қилиб олгани маълум бўлди. Бу ҳақда “People” хабар берди.
Қайд этилишича, Линкольн округи судьяси судланувчига дастлаб 7 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилаган. Бироқ жазони амалда қўллаш дарҳол бекор қилиниб, унинг ўрнига аёлга уч йиллик синов муддати тайинланган.
Собиқ васий аёл 17 ёшли қизалоқни Техас штатида истиқомат қилувчи танишларининг уйига юборганликда айбдор деб топилган. Энг ҳайратланарлиси, ўсмирнинг тақдири эвазига у ердан экзотик маймунни қабул қилиб олган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотларига кўра, қиз Техасдаги хонадонда ваҳший ҳайвонлар билан бирга сақланган. У нафақат шундай оғир шароитда яшаган, балки ҳайвонларни парвариш қилиш ишларига ҳам мажбурланган.
Воқеага мактаб хавфсизлик хизмати ва ижтимоий хизматлар аралашган. Бунга ўсмирнинг узоқ вақт давомида дарсларга ва машғулотларга қатнашмагани сабаб бўлган. Масъул ходимлар вазиятни ўрганиши натижасида қизга нисбатан етарли даражада ғамхўрлик қилинмаётгани аниқланган.
Маълум бўлишича, Бренди Дойч умри давомида 200 нафардан ортиқ болани тарбиялаб, уларга васийлик қилган. Аммо мазкур воқеадан сўнг суд унинг васийлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини, яъни лицензиясини бекор қилган.
Шунингдек, тергов доирасида тузилган суд келишуви натижасида болаларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш билан боғлиқ қўшимча айбловлар олиб ташланган.
Судда судланувчининг ўз туғишган қизи ҳам фикр билдирган. У чиқарилган қарор ва жазонинг юмшоқлигидан шок ҳолатида эканини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, мазкур ҳолат ижтимоий ҳимоя тизимида жиддий камчиликлар борлигини ва тизим болани ҳимоя қилиш вазифасини бажара олмаганини кўрсатади.
Ҳозирда 17 ёшли асраб олинган қиз Техас ижтимоий хизматлари васийлигида. У бошидан кечирган оғир воқеалардан сўнг оддий ва барқарор ҳаётга қайтишга ҳаракат қилмоқда.
Ушбу воқеа болалар тақдири ва уларнинг хавфсизлигини таъминлашда васийлик ҳамда ижтимоий ҳимоя тизимининг масъулияти қанчалик муҳим эканини яна бир бор кўрсатди.






























Изоҳлар 0
…