Қирол Чарлз Гаррига қиролликдаги “ўрнини” яна эслатди

Қирол Чарлз Гаррига қиролликдаги “ўрнини” яна эслатди

Буюк Британия қироли Чарлз III шаҳзода Гарри ва унинг рафиқаси Меган мамлакатга қайтган тақдирда ҳам қироллик оиласининг расмий вазифаларни бажармайдиган аъзолари мақомида қолишини тасдиқлади. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.

Қирол номидан ҳукумат ва давлат идораларининг юқори мартабали вакилларига юборилган мактубда Гарри ва Меган 2020 йилда қироллик оиласидаги расмий вазифаларидан чекинганидан кейин уларнинг мақоми ўзгармагани қайд этилган.

Ҳужжатда эр-хотин томонидан амалга ошириладиган хайрия фаолияти шахсий ташаббус сифатида қаралиши, уларнинг хавфсизлиги юзасидан юзага келадиган тезкор масалалар эса тегишли полиция органлари томонидан ҳал этилиши белгиланган.

Мактуб қироллик хонадонининг юқори мартабали амалдори — Лорд Чемберлен томонидан ҳукумат ва ҳарбий идоралар раҳбарлари, шунингдек, қиролнинг ҳудудлардаги вакиллари ҳисобланган лорд-лейтенантларга юборилган.

Қироллик саройи мазкур хабар орқали Гарри ва Меганнинг мақоми борасида юзага келиши мумкин бўлган турли талқинларнинг олдини олишни мақсад қилган.

Associated Press қайд этишича, ҳужжат эр-хотиннинг қироллик оиласидаги мавқеи ўзгармаганини яна бир бор кўрсатади. Шу билан бирга, мактубнинг кенг доирадаги мансабдор шахсларга юборилгани Гарри ва Меган фаолияти амалдаги қироллик оиласи билан чалкашиб кетиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни ҳам кучайтирган.

Шаҳзода Гаррининг хавфсизлиги масаласи ҳам ҳануз муҳокама марказида. У Буюк Британияда давлат томонидан молиялаштириладиган полиция қўриқловини қайта тиклаш масаласида ҳукумат билан узоқ давом этган ҳуқуқий кураш олиб борган.

Гарри ва Меган 2020 йилда қироллик оиласидаги расмий вазифаларини тарк этганидан сўнг давлат томонидан тақдим этиладиган хавфсизлик чораларининг аввалги шакли бекор қилинган.

Эр-хотинга доимий полиция ҳимояси бериш ёки бермаслик масаласини Қироллик ва юқори мартабали шахслар бўйича ижроия қўмитаси — RAVEC кўриб чиқади. Қирол номидан юборилган мактубда эса хавфсизлик билан боғлиқ шошилинч қарорлар тегишли полиция идоралари ваколатига кириши алоҳида таъкидланган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар