Трамп Ойга даъво қилди: халқаро ҳуқуқ бунга нима дейди?

АҚШ президенти Дональд Трамп Ойга оид ноодатий пост билан чиқди. У 6 сентябрь куни Truth Social’даги саҳифасида Ой тасвири, АҚШ байроғи ва «The moon is ours» — «Ой бизники» деган ёзув туширилган суратни эълон қилди.
Бироқ халқаро ҳуқуқ нуқтаи назаридан Ой бирор давлат ҳудуди ҳисобланмайди. Бу масала 1967 йилда кучга кирган Космос тўғрисидаги шартнома билан тартибга солинади.
Шартноманинг 2-моддасида коинот, Ой ва бошқа осмон жисмлари ҳеч бир давлат томонидан суверенитет, фойдаланиш, эгаллаш ёки бошқа йўл билан ўзлаштирилиши мумкин эмаслиги белгиланган.
Шунингдек, ҳужжат Ой ва бошқа осмон жисмларидан барча давлатлар томонидан камситишларсиз, тинч мақсадларда тадқиқот ва фойдаланиш учун очиқ бўлишини назарда тутади.
Шу сабабли Трампнинг «Ой бизники» деган ёзуви АҚШнинг Ойга нисбатан расмий ҳудудий даъвоси сифатида қаралиши мумкин эмас. АҚШ астронавтларининг Ойга қўнгани ёки у ерда тадқиқот олиб боргани ҳам мамлакатга Ойни ўз ҳудуди сифатида эълон қилиш ҳуқуқини бермайди.
Космос тўғрисидаги шартнома 1967 йилда кучга кирган бўлиб, бугунги кунда халқаро космик ҳуқуқнинг асосий ҳужжатларидан бири ҳисобланади. БМТнинг Космос масалалари бўйича бошқармаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон мазкур шартномага 2024 йил 17 октабрда қўшилган.






























Изоҳлар 0
…