Дунёда урушлар сони рекорд даражага етди

Бугунги кунда дунё бўйлаб 60 дан ортиқ қуролли можаро давом этмоқда. БМТ маълумотларига кўра, бу Иккинчи жаҳон уруши якунланганидан буён кузатилган энг юқори кўрсаткичлардан биридир.
БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюрк Женевада Инсон ҳуқуқлари кенгаши йиғилишида сўзга чиқиб, қуролли низолар сонининг кўпайиши ва халқаро ҳуқуқ тамойилларининг заифлашаётганидан хавотир билдирди.
Тюрк нутқида сунъий интеллектнинг ҳарбий соҳада қўлланилишига ҳам алоҳида тўхталди. Унинг қайд этишича, инсон иштирокисиз одам ҳаётига қасд қилиш тўғрисида қарор қабул қила оладиган қурол тизимларини яратишда сунъий интеллектдан фойдаланиш жиддий хавф туғдиради.
Олий комиссар сунъий интеллект устидан назоратни кучайтиришга чақириб, технология назоратсиз ривожланса, инсоният учун катта, ҳатто экзистенциал таҳдидга айланиши мумкинлигини таъкидлади.
У келажакда айрим сунъий интеллект тизимлари шу даражада ривожланиши мумкинки, ҳатто уларни яратган мутахассисларнинг ўзи ҳам уларни тўлиқ назорат қила олмай қолишидан огоҳлантирди.
Тюрк давлатларни сунъий интеллект технологияларининг ривожланиши ва тарқалишига аниқ чегаралар белгилашга чақирди. Бунинг учун технология жойлашган ҳудудлар ҳамда унинг таъминот занжирида қатнашаётган мамлакатлар билан ҳамкорлик қилиш зарурлигини билдирди.
Шунингдек, у сунъий интеллект хавфсизлиги ва инсонларни ҳимоя қилишга қаратилган қатъий кафолатларни кеч бўлмасидан ишлаб чиқиш муҳимлигини таъкидлади.






























Изоҳлар 0
…