Ўқитувчиларга 1 октябрда қанча мукофот берилиши кутилмоқда?

Педагог ходимларга 1 октябрь муносабати билан 1 млн 20 минг сўмгача мукофот пули берилиши мумкин. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги 823-сонли қарорида белгиланган.
Мазкур тасдиқланган низомнинг 29-бандида умумтаълим муассасалари ходимлари, шу жумладан раҳбар ходимлари фақат “1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан Жамғарманинг мавжуд маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 фоизигача миқдорида рағбатлантирилиши, яъни мукофотланиши мумкинлиги қайд этилган.
Шу ўринда муҳим жиҳат шундаки, мукофот пули миқдорини ҳисоблашда ўқитувчининг ойлик маоши эмас, балки меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори асос қилиб олинади. Демак, мукофот миқдори педагогнинг шахсий ойлик иш ҳақига қараб эмас, белгиланган энг кам меҳнат ҳақи миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисоб-китоб қилинади.
Маълумот учун, ҳозирги кунда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ойига 1 млн 360 минг сўм этиб белгиланган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача ва мактаб таълими соҳасида бошқарув тизими самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 51-сонли фармони билан педагог ва раҳбар ходимларга бериладиган мукофот пули миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 75 фоизигача этиб белгиланди.
Бу эса аввалги тартибга нисбатан мукофот пулининг юқорироқ миқдорда белгиланишига имконият яратади. Яъни педагоглар ва раҳбар ходимларни “1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан рағбатлантиришда янги меъёр қўлланиши мумкин.
Шунга кўра, эндиликда педагог ва раҳбар ходимларга ушбу байрам муносабати билан 1 млн 20 минг сўмгача миқдорида мукофот пули берилиши кутилмоқда.
Бироқ ушбу маблағ барча педагогларга бир хил миқдорда мажбурий тарзда тўланадиган сумма эмас. Низомда мукофотлаш Жамғарманинг мавжуд маблағлари ҳисобидан, белгиланган миқдоргача амалга оширилиши кўрсатилган. Шу сабабли аниқ тўланадиган сумма муассасанинг имкониятлари ва қабул қилинадиган тегишли қарорга боғлиқ бўлади.






























Изоҳлар 0
…