БРИКС ягона валюта ғоясидан воз кечди: Деҳли саммитининг асосий қарорлари

Ҳиндистон пойтахти Ню-Деҳлидаги «Бҳарат Мандапам» марказида бўлиб ўтган 18-БРИКС саммити якунлари бўйича 140 банддан иборат Ню-Деҳли декларацияси қабул қилинди.
Саммитнинг энг шов-шувли мавзуларидан бири — блокнинг ягона валютаси ҳақидаги тахминларга расман нуқта қўйилди. Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги котиби Судҳакар Далела Ню-Деҳлида ўтказилган брифингда алянс умумий ягона пул бирлигини яратиш масаласини кўриб чиқмаётганини тасдиқлади.
Асосий урғу ягона сунъий валютага эмас, балки ўзаро савдо ва инвестицияларда ҳар бир давлатнинг ўз миллий валютасидан тўғридан-тўғри фойдаланишга қаратилди. Бунинг учун халқаро тўловларни тезкор, арзон ва хавфсиз амалга оширувчи муқобил транзакция механизмлари ишлаб чиқилмоқда.
Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ўз нутқида ХХ аср ўрталарида ташкил этилган халқаро институтлар — БМТ, унинг Хавфсизлик Кенгаши, Халқаро Валюта Жамғармаси (ХВЖ) ва Жаҳон банки бугунги кун реаллигини акс эттирмаётганини таъкидлаб, ривожланаётган давлатлар («Глобал Жануб») манфаатларини инобатга олган ҳолда кенг қамровли ислоҳотлар ўтказишга чақирди.
Шунингдек, декларацияда Бутунжаҳон Савдо Ташкилотининг (БСТ) низоларни кўриб чиқувчи Апелляция органи фаолиятини зудлик билан тиклаш, бир томонлама санкциялар ҳамда протекционистик тарифларни чеклаш, Дилма Руссефф бошчилигидаги Янги Тараққиёт Банки (БРИКС банки) орқали инфратузилма лойиҳаларини миллий валюталарда молиялаштиришни кенгайтириш ва «БРИКС Ғалла биржаси»ни ишга тушириш каби ташаббуслар маъқулланди.
Мазкур қарорлар Ўзбекистон учун ҳам ташқи савдода учинчи томон чекловларисиз, асосий шериклар билан тўғридан-тўғри миллий валюталарда ҳисоб-китоб қилиш ва муқобил логистика йўлаклари имкониятларини кенгайтириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.
2027 йилда БРИКС раислиги Хитойга ўтади ва 19-саммит Пекинда бўлиб ўтади.































Изоҳлар 0
…