3,5 метрлик акула Пусан паркига кириб, одамларни ҳайратга солди

Жанубий Кореянинг Пусан шаҳридаги Букханг Waterfront Park ҳудудида денгиздан кириб келган улкан акула тўрт кундан бери сунъий каналда айланиб юрибди. Дастлаб унинг узунлиги 13 футгача деб баҳоланган бўлса, кейинги текширувларда тахминан 11 фут 6 дюйм, яъни 3,5 метр экани аниқланган.
18 сентябрь куни соат 8:57 да сайр қилаётган фуқаро жамоат йўлаги яқинида қоронғи шаклдаги жонзотни кўриб, хавф ҳақида хабар берган. Шундан сўнг денгиз полицияси махсус қутқарув гуруҳи, соҳил қайиқлари ва патруль кемасини жалб қилган.
Мутахассислар акулани денгизга қайтариш учун олти соат давомида ҳаракат қилган. Бироқ Миллий балиқчилик илмий-тадқиқот институти уни саёз сувда мажбуран ҳайдаш акула ҳужумига сабаб бўлиши мумкинлигидан огоҳлантиргач, операция соат 15:15 да тўхтатилган.
Акула 19 сентябрь куни яна кўринган ва ҳануз канални тарк этмаган. У тахминан ҳар 15 дақиқада сув юзасига чиқиб, қанотини кўрсатади ва яна чуқурликка шўнғийди.
Ҳодиса сабаб паркка қизиқувчилар оқими кескин ошган. Шанба куни 8 800 нафар, якшанба куни эса қарийб 10 минг киши акулани кўриш учун келган. Айримлар ҳатто уни томоша қилиш учун бошқа шаҳарлардан етиб келган.
Хавфсизлик мақсадида паркда огоҳлантирувчи белгилар ўрнатилиб, томоша вақти 30 дақиқа билан чекланган. Полиция эса акулани овқатлантириш учун сувга хом товуқ ташлаган кишини тўхтатган.
Каналнинг чуқурроқ қисмида кейинчалик тахминан 90 сантиметрлик кичик балиқ ҳам кўрилган. Ижтимоий тармоқларда уни акула боласи деган тахминлар тарқалган, аммо расмийлар буни тасдиқламаган.
Мутахассислар улкан жонзотни қоронғи ёки мисранг акула турига мансуб деб тахмин қилмоқда. Пусан маъмурияти эса акула озуқа излаб порт ҳудудига кириб келган бўлиши мумкинлигини билдирган.
Ҳозир масъуллар уни куч билан ҳайдамасдан, сув сатҳи кўтарилиши орқали каналдан очиқ денгизга қайтишини кутмоқда.






























Изоҳлар 0
…