Масжидул Ҳаром муаззини Шайх Иброҳим ал-Маданий вафот этди

Масжидул Ҳаром муаззини Шайх Иброҳим бин Одил ал-Маданий 21 сентябрь куни 51 ёшида вафот этди. Унинг вафоти Саудия Арабистонининг расмий «Al-Ekhbariya» телеканали томонидан ҳам эълон қилинган.
Шайх Иброҳим ал-Маданий 1976 йилда Мадина шаҳрида диний оилада туғилган. У Қуръон илмлари бўйича таълим олган. Муаззинлик фаолиятини 15 ёшида Мадинадаги маҳалла масжидида бошлаган. Кейинчалик таълим ва ўқитувчилик фаолияти сабаб муаззинлик фаолиятида танаффус қилган.
У 2007–2008 йилларда Мадинадаги бошқа бир масжидда яна азон айтишни давом эттирган. 2017–2018 йилларда эса Масжидул Ҳаром муаззини сифатида расман тайинланган.
Шайх Иброҳим ал-Маданий Масжидул Ҳаромнинг 24 нафар асосий муаззинидан бири бўлган. У, айниқса, бомдод азони ва ҳайит такбирларини айтиши, шунингдек, имомнинг такбирларини жамоатга етказиш вазифаси билан танилган.
Маълум қилинишича, унинг Масжидул Ҳаромдаги сўнгги азони 21 сентябрь куни бомдод намозининг илк азони бўлган. У ушбу азондан бир неча соат ўтиб вафот этган.
Шайх Иброҳим ал-Маданий вафотининг аниқ сабаби Саудия Арабистони расмий манбаларида ҳозирча маълум қилинмаган.






























Изоҳлар 0
…