Чорсуда қўшиқ куйлаб пул сўраган бола Миллий гвардия ходимлари томонидан олиб кетилди

Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги “Чорсу” бозори ҳудудида уч нафар Миллий гвардия ходими вояга етмаган болани қўлидан ушлаб олиб кетаётгани акс этган видео тарқалди.
Маълум бўлишича, 17 сентябрь куни “Эски Жўва” бозори ҳудудида вояга етмаган боланинг фуқаролардан пул сўраши юзасидан мурожаат келиб тушган. Жамоат тартибини сақлашга жалб қилинган Миллий гвардия ҳарбий хизматчиси болани аниқлаб, бозор ҳудудидаги ИИБ биносига олиб келган ва профилактика хизмати ходимларига топширган.
Бола аввалроқ метро ва “Чорсу” бозори ҳудудида қўшиқ куйлаб, бунинг эвазига пул сўраши билан ижтимоий тармоқларда танилган. У “Седая ноч” ва “Белие рози” каби қўшиқларни ижро этгани акс этган видеолар тарқалган.
Миллий гвардия маълумотига кўра, текширув давомида боланинг тадбиркорлар, фуқаролар ва сайёҳлардан пул сўрагани аниқланган. Шунингдек, пул беришдан бош тортган айрим кишиларни ҳақорат қилиб, безовта қилгани айтилмоқда.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда боланинг чет эллик сайёҳларга қўшиқ айтиб, 100 минг сўм талаб қилгани акс этган видео ҳам муҳокамаларга сабаб бўлган. Маълумотларга кўра, сайёҳ 50 минг сўм таклиф қилганида, бола ундан 150 минг сўмни тортиб олган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан профилактика хизмати ходимлари томонидан текширув олиб борилмоқда.






























Изоҳлар 0
…