Икки ёшли қизча 250 дан ортиқ магнит шарчани ютиб юборди

Россиянинг Москва шаҳрида икки ёшли қизча бир вақтнинг ўзида 250 дан ортиқ магнит шарчани ютиб юборди. Морозов болалар шифохонаси шифокорлари уларни муваффақиятли олиб ташлади. Бу ҳақда «Фонтанка» хабар берди.
Қайд этилишича, ота-онаси қизчасини кучли йўтал сабаб шифохонага олиб келган. Текширув, жумладан, рентген текшируви давомида унинг ошқозонида кўплаб бегона жисмлар борлиги аниқланган. Маълум бўлишича, бола магнит шарчаларни ютиб юборган.
Шифокорлар бундай магнитлар бола организми учун жиддий хавф туғдиришини таъкидлаган. Улар ошқозондан ичакка ўтиб, ичак деворлари орқали бир-бирига тортилиши мумкин. Бу эса ичак деворларининг шикастланиши, тешилиш ва оғир яллиғланишга олиб келиши эҳтимолини оширади. Шу сабабли шифокорлар зудлик билан муолажага киришган.
Дастлаб жарроҳлар кичик кесмалар орқали киритилган камера ёрдамида қизчанинг ичакларини текширган. Ичаклар шикастланмаганига ишонч ҳосил қилингач, шифокорлар махсус эндоскопик асбоблар ёрдамида қизилўнгач орқали ошқозондаги магнитларнинг барчасини олиб ташлаган.
Операция муваффақиятли ўтган. Ҳозир қизчанинг аҳволи яхши экани ва у тез орада шифохонадан чиқарилиши кутилаётгани маълум қилинган.






























Изоҳлар 0
…