Данияда ўқитувчиларга тартиббузар ўқувчиларга нисбатан жисмоний куч ишлатишга рухсат берилади

Данияда 2027 йил август ойидан бошлаб ўқитувчилар дарс жараёнига халақит бераётган ўқувчиларни синфдан мажбуран чиқариш ва зарур ҳолларда жисмоний куч ишлатиш ҳуқуқига эга бўлиши кутилмоқда. Янги тартиб мактабларда интизомни мустаҳкамлаш ҳамда ўқувчилар ўртасидаги зўравонлик ва тажовузкор хатти-ҳаракатларга қарши курашиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Таълим вазирлиги тайёрлаган қонун лойиҳасига кўра, жисмоний куч ишлатиш одатий чора сифатида эмас, балки фақат алоҳида вазиятларда зарурат туғилгандагина қўлланилиши мумкин. Бундай ҳолатларнинг ҳар бири ҳақида ўқувчининг ота-онаси ва тегишли муниципал кенгаш хабардор қилиниши шарт.
Вазирлик эълон қилган тадқиқот натижаларига кўра, 2025 йилда Даниядаги мактаб синфларининг 55 фоизида ўқувчилар ўртасида камида бир марта жисмоний зўравонлик кузатилган. Бошланғич синфларда бу кўрсаткич 75 фоизга, 4–6-синфларда 59 фоизга, 7–10-синфларда эса 27 фоизга тенг бўлган.
Сўров натижалари яна бир жиҳатни кўрсатган: зўравонлик ёки тажовузкор хатти-ҳаракатлар қайд этилган синфларнинг 60 фоизида бундай ҳолатларга бир ёки икки нафар ўқувчи сабабчи бўлган.
Янги тартиб ўқитувчиларга мураккаб вазиятларда аниқроқ ваколат бериш ва синфдаги хавфсизликни таъминлашга қаратилган. Бироқ жисмоний аралашув сўнгги чора бўлиши, вазиятга мутаносиб қўлланиши ва ўқувчига имкон қадар кам зарар етказиши керак.































Изоҳлар 0
…